26

“ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ 16 КУНЛИК ФАОЛЛИК” ГЛОБАЛ КАМПАНИЯСИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

2026 йил 24 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик» глобал кампаниясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик” — ҳар йили 25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунига қадар бутун дунё бўйлаб ўтказиладиган халқаро кампаниядир. Унинг асосий мақсади хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш, жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат.

Жорий йилги кампания “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши бирлашайлик: жабрланганлар учун адолат ва ҳимояни, зўравонлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлайлик!” шиори остида ўтказилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Махл, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар қаторида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Нигина Хайруллаевна Рахимова ҳам қатнашди.

Тадбир доирасида “Адолат, ҳимоя ва жавобгарлик: хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашишнинг устувор йўналишлари” мавзусида панел муҳокама ташкил этилди. Унда зўравонликнинг олдини олиш, жабрланганларнинг суд-ҳуқуқ ҳимоясини таъминлаш, уларга юридик, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кампания доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, ўқув семинарлари ва ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, зўравонликдан жабрланганларни ҳимоя қилиш механизмлари, мавжуд ҳуқуқий кафолатлар ва ёрдам олиш имкониятлари ҳақида аҳолини хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Мазкур глобал кампания хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оила ва жамиятда соғлом муносабатларни мустаҳкамлаш, зўравонликнинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда инсон қадри устувор бўлган хавфсиз жамият барпо этишга хизмат қилади.