555

Йил якунланмоқда ва барчамиз янги 2021 йилни кириб келишини интиқлик билан кутмоқдамиз. Янги йил байрами барчани тўкин ясатилган дастурхон атрофида жамлайди ва янги орзулар билан қувончли кунларни бахш этади.

Албатта, шундай кунда яқинларингиз, дўстларингиз ва оила аъзоларингизга яхши тилаклар билан совға улашишни хоҳлайсиз. Лекин кўпинча совға танлашда қийналишингиз, шубҳасиз.

«Ижтимоий фикр» Маркази социологлари юртдошларимиз янги йил байрамига қандай совға олишни хоҳлашларини билиш мақсадида сўровнома ўтказишди.

Респондентларга “Янги йилда қандай совға олишни хоҳлайсиз?” деган савол билан мурожаат қилинди.

Сўровномага кўра аксарият иштирокчилар (41%) "эътибор"ни янги йил учун энг яхши совға, деб билишар экан. Респондентларнинг
38 фоизи нақд пул кўринишидаги совғалар ҳам байрамда энг муносиб совға эканлигини таъкидлаганлар. 19% қатнашчилар турмушда зарур ва фойдали нарсаларни байрам совғаси сифатида қабул қилишни маъқул кўришар экан. Жавоб берганларнинг атиги 2 фоизи чин кўнгилдан берилган туҳфани афзал билишди.

Сўровнома Марказнинг телеграмм канали орқали онлайн тарзда ўтказилганлиги боис Республика бўйлаб иштирокчиларни қамраб олиш имконини берди. Сўровномада 1162 нафар респондент иштирок этди ва натижалар уларнинг жинси ҳамда ёшига нисбатан тақдим қилинди.

Сўровнома тури: @ijtimoiyfikruz telegram каналида- онлайн овоз бериш. Тадқиқот объекти: Ўзбекистон аҳолиси.