23.01.2021
687
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Ўзбекистон фуқаролари мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тўғрисида” мавзусида телефон сўрови ўтказди. Сўров давомида мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришнинг белгиланган устувор мақсадлари ва йўналишларига ўзбекистонликларнинг муносабати аниқланди. Сўров республиканинг барча минтақаларида бўлиб ўтди, унда 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари ва соҳаларида банд бўлган турли миллат ва ижтимоий қатламлар вакиллари иштирок этдилар.
Ўтказилган телефон сўровининг кўрсатишича, жамоатчилик фикрида мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳақида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа сифатидаги тасаввур устуворлик қилади.
Телефон сўрови жараёнида кенг аҳоли қатламларининг мамлакатда юз бераётган сиёсий жараёнларга жалб этилганлигининг юқори даражаси аниқланди, асосий кўпчилик ўзбекистонликлар (70,4%) мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналлари орқали ва Интернет тармоғида бевосита танишганлар.
Телефон сўрови иштирокчиларининг фикрича, мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллашининг ноёб шакли бир вақтнинг ўзида давлат ва жамият ҳаётида халқ вакилларининг ролига эътибор қаратади, мамлакатнинг халқ сайлаган қонунчилик органи билан давлат Раҳбарининг бевосита мулоқотига имконият яратади, ўтаётган йилга якун ясашга ва келажакдаги тараққиётнинг истиқболли режасини кенг жамоатчиликка етказишга имкон беради.
Телефон сўрови мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан мамлакат фуқаролари танишган ахборот манбаси телевидение эканлигини аниқлади. Олинган натижаларга мувофиқ, 73,8% респондентлар давлат Раҳбари мурожаатини бевосита жонли эфирда кўришган.
Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларнинг бир қисми мамлакат ҳаётидаги ушбу муҳим сиёсий воқеа билан Мурожаатноманинг моҳиятини кенг оммага таништириш ва тушунтиришга йўналтирилган янгиликлар ва таҳлилий кўрсатувлар орқали танишиш имкониятига эга бўлган. Шунингдек, сўров иштирокчилари Интернет тармоғи воситасида Мурожаатнома мазмуни билан танишганлар ва Президент Мурожаатномаси ҳақида қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасбларидан билишган, бу эса давлат Раҳбарининг нутқи катта ижтимоий акс-садо бериб, фаол муҳокама этилганлигидан далолат беради.
Телефон сўровининг аниқлашича, жамоатчилик фикрида давлат Раҳбарининг мамлакат парламенти олдидаги чиқишига ижобий баҳо устуворлик қилади. Сўров иштирокчилари давлат Раҳбарининг нутқини эҳтирос билан қабул қилишди, улар ўз шарҳларида таъкидлашганидек, «мамлакат Президентининг нутқини чин дилдан қабул қилишган, чунки давлат Раҳбарининг ташаббуслари ва таклифлари нафақат давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ва модернизациялашга қаратилган, балки улар ҳар бир фуқаронинг манфаатларини рўёбга чиқаришга ва Ўзбекистон оилаларининг фаровонлигини оширишга ҳам ёрдам беради».
Телефон сўрови жараёнида мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги қайси қоидалар уларда энг кучли таассурот қолдирганлиги, уларнинг тасаввурларида энг муҳим ҳисобланиши ҳақида ўзбекистонликларнинг фикри аниқланди.
Телефон сўрови жараёнида 76,9% фуқаролар ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, ёш авлоднинг ижодий, илмий ва касбий салоҳиятини ривожлантириш, уни мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёнига фаол жалб қилиш, ёшларда ватанпарварлик туйғуси ва фуқаролик масъулиятини тарбиялаш давлат Раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги устувор вазифалардан бири эканлигини айтишди. Сўров иштирокчилари давлат Раҳбарининг ёшларга ўзлигини рўёбга чиқариш учун ҳар томонлама имкониятлар беришга, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, барча даражадаги таълим сифатини оширишга ҳамда йигит ва қизларнинг иш билан бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларини ижобий қабул қилдилар.
Телефон сўровининг кўрсатишича, мамлакат Президентининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, кам таъминланган оилалар сонини янада қисқартириш ва мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, ночор қатламларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, шунингдек, «темир дафтар» ва муҳтож оилалар ҳақидаги маълумотларни жамловчи «ижтимоий рўйхат» каби янгиликларнинг жорий қилиниши билан боғлиқ ташаббуслари 75,6% сўров иштирокчиларида алоҳида таассурот уйғотган. Респондентлар давлат Раҳбарининг «камбағалликни бартараф этишдаги энг муҳим
омил – бу инсоннинг шундай ҳолатдан чиқишга ўзининг интилиши» эканлиги ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлашди.
Респондентларнинг ҳисоблашича, ёшларга замонавий талабларга жавоб берувчи сифатли таълим олиш имкониятини тақдим этиш зарур, чунки бу келажакда ишга жойлашиш ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Мамлакатнинг ҳозирги ижтимоий - иқтисодий тараққиёти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича мамлакат Президентининг ташаббуслари 63,6% сўров иштирокчилари томонидан алоҳида қўллаб-қувватланди ва маъқулланди. Телефон сўрови иштирокчиларининг ҳисоблашича, таълим - бу давлатни ҳосил қилувчи тузилмадир, у кадрларни, мутахассисларни тайёрлайди, маданиятни ривожлантиришга ёрдам беради, шу сабабли таълим даражасини ошириш, уни ривожлантиришга маблағ сарфлаш зарур, бу албатта ўз натижаларини беради ва давлатнинг ўзини ривожлантиришга ёрдам беради.
Телефон сўрови жараёнида 62,7% фуқаролар давлат Раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни маъқуллашларини билдирдилар. Улар коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли давом эттириш ва бюджет маблағлари ҳисобидан аҳолини эмлаш зарурлигини қўллаб-қувватлайдилар. Фуқароларнинг фикрича, санитария-эпидемиология хизматининг иш сифатини ошириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий лабораториялар барпо этиш бўйича вазифалар муҳим бўлиб ҳисобланади. Сўров иштирокчилари давлат Раҳбарининг соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, сифатли тиббий хизматлардан фойдалана олиш даражасини кучайтириш зарурлиги ҳақидаги таклифини алоҳида ажратиб кўрсатдилар.
Телефон сўровида қатнашган 59,1% фуқароларнинг фикрича, давлат Раҳбарининг давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ролини янада оширишга, турли тармоқлар ва соҳаларда уларнинг ўзлигини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишга, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган таклифлари муҳим аҳамиятга эгадир.
Мамлакат Президентининг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳақидаги таклифи ҳамда давлат Раҳбарининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кафолатланган заҳираларни яратиш ва озиқ-овқат товарларини бозорга узлуксиз етказиб бериш, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш масалаларини шахсий назоратига олиши 58,5% сўров иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва маъқулланмоқда.
Телефон сўрови жараёнида фуқаролар мазкур Мурожаатнома ялпи жипслаштирувчи мазмунга эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг мамлакат аҳолисини ташвишлантирувчи ва биринчи навбатда ҳал қилишни талаб қилувчи барча муаммоларини қамраб олиши ҳақида фикр билдирдилар.
Мамлакатнинг барча минтақаларида ўтказилган телефон сўрови Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ўзбекистонликлар ўртасида кенг акс-садо берганлигини кўрсатди, телефон сўрови иштирокчиларининг ҳисоблашича, ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг истиқболдаги тараққиёти, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришлар ва эркинлаштиришни давом эттириш учун муҳим аҳамиятга эгадир. Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал ривожлантиришни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар истиқболли режасининг ҳаётга жорий қилиниши мамлакатнинг иқтисодий аҳволидаги ижобий ўзгаришларга ёрдам беришига, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг фаровонлигини оширишга кўмаклашишига ишонадилар.
Телефон сўрови жараёнида аниқландики, ўзбекистонликлар мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2021 йилни Ўзбекистонда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиш бўйича таклифини тўла қўллаб-қувватлайдилар ва маъқуллайдилар. Респондентларнинг фикрича, жамиятнинг ривожланиши, мамлакатнинг келажаги ўсиб келаётган ёш авлодга боғлиқдир ва шу сабабли ҳар томонлама ривожланган, фаол, мустақил фикрловчи, мамлакатимизни тараққиётнинг бутунлай янги даражасига олиб чиқадиган яратувчи кучга лаёқатли ёшларни шакллантириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, 2021 йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг турмуш даражасини ошириш, уларни ишга жойлаштириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг ақлий-ахлоқий салоҳиятини ошириш, мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасалари ишининг сифати ва даражасини яхшилаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш воситаларини такомиллаштириш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ишининг даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг, Ўзбекистондаги ҳар бир оиланинг муносиб ва фаровон ҳаёти учун шарт-шароитлар яратиш бўйича мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Ўзбекистонликларнинг фикрича, 2020 йилда мамлакатда коронавирус инфекцияси пандемияси ва глобал иқтисодий таназзулнинг мураккаб шароитида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, экспорт салоҳиятини ошириш, хавфли касалликнинг кенг тарқалиши олдини олиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини модернизация қилиш, қулай бизнес муҳитини яратиш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш йўли билан тадбиркорлик фаоллигининг пасайишига йўл қўймаслик, бевосита инвестициялар ва хорижий кредитлардан самарали фойдаланиш, мамлакат агросаноат мажмуасининг самарадорлигини ошириш, умуман олганда, мамлакат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг манфаатларини рўёбга чиқаришни таъминлашга имкон берувчи жиддий ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилди.