7

3 декабр — Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни жаҳон ҳамжамиятини инсон қадри, тенглик ва инклюзив тараққиёт масалаларига йўналтирувчи муҳим сана сифатида эътироф этилади. 1992 йил 11 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан белгиланган ушбу куннинг асосий мақсади — ногиронлиги бўлган шахслар учун барча соҳаларда тенг имконият ва тенг шароитлар яратиш, уларнинг жамиятда тўлақонли иштирокини таъминлаш ва ҳуқуқларини кафолатлашдир.

Мазкур сана жамият олдига қатор устувор вазифаларни қўяди. Жумладан, ҳуқуқ ва эркинликларни барча фуқаролар учун бир хил даражада ҳимоя қилиш; таълим, тиббиёт, меҳнат, транспорт ва ижтимоий инфратузилма соҳаларида тўсиқсиз муҳит барпо этиш; инклюзив маданиятни шакллантириш ва аҳолининг ижтимоий сезгирлигини ошириш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаол фуқаролик иштирокини рағбатлантириш; ҳамкорлик механизмлари ва ижтимоий хизмат тизимларини такомиллаштириш кабилардир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инклюзив жамиятни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси талабларини миллий амалиётга имплементация қилиш, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш ва реабилитация тизимини модернизация қилиш каби қадамлар ушбу соҳадаги амалий ўзгаришларни кучайтирди. Давлат хизматлари марказларида қулай шароитлар яратилиши, инклюзив таълим шаклларини жорий этиш, тиббий-ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтириш, инфратузилма объектларида пандуслар, Брайль ёзуви ва аудиовоситаларнинг жорий қилиниши аҳамиятли натижалардан ҳисобланади.

“Инсон қадри учун” тамойили устувор бўлган Ўзбекистонда ҳар бир фуқарога тенг имконият яратишга қаратилган давлат сиёсати ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини ошириш, уларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу ислоҳотлар ҳар бир инсоннинг қиймати баробар экани ва инклюзивлик жамият ривожининг ҳал қилувчи омилларидан бири сифатида қаралаётганини тасдиқлайди.