461

Китоблар бу вақт тўлқинларида юриб, қимматбаҳо юкларини авлоддан-авлодга эҳтиёткорлик билан етказиб берадиган тафаккур кемаларидир.
                                                                                                                                                                                                                 © Фрэнсис Бекон

Бугун жамиятимизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор берилиб, бу борада кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги 2017 йил 13 августда қабул қилинган 3271-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020 – 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 781-сонли қарорларининг қабул қилиниши юртимизда китобхонликка бўлган ҳукумат даражасида эътиборнинг яққол исботидир.

Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш;

миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш;

китоб савдосини ташкил этиш тартибларини соддалаштириш, янги нашр этилган китобларни етказиш ва ахборот манбаларини тарқатиш тизимини такомиллаштириш;

китоб етказиб берувчиларни замонавий ижтимоий эҳтиёжларга мослаштириш, инфратузилмани яхшилаш, ахборот-кутубхона марказларини чоп этиладиган босма нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан тўлдириб бориш, электрон китоблар яратиш, китобларни рақамлаштириш ва электрон каталогларни тузиш ҳамда тизимли равишда янгилаб бориш;

аҳолининг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш, кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш;

хорижий асарларга онлайн буюртма бериш, уларни республика ҳудудига олиб келиш ва тарқатиш тизимини ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.

Хусусан, жорий йилнинг 24 январь санасидан 5 февралига қадар “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан “Express-modus” блоки доирасида Ўзбекистондаги ёшларнинг китобхонликка қизиқишларини ўрганиш мақсадида телефон сўрови ўтказилди. 

Сўровда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган респондентлар қатнашиб, улардан 60,1%ини эркаклар ва 39,9%ини эса аёллар ташкил этди.  Сўровнинг самарадорлик кўрсаткичи 4% хато ва 95% ишончлилик даражасини мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон абонентлари орасидан танлаб олинган 794 нафар респондентлар ўртасида ўтказилган тасодифий табақалаштирилган танлов белгилаб берди.

Бу каби сўровномаларнинг ўтказилиши келажакда кенг фикрли миллат етакчилари, юксак илм-фан намоёндалари ва Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган авлодни шакллантиришига ҳисса қўшади деган умиддамиз. Зеро, китобни севган, унга меҳр қўйган миллат юксалаверади. Ватан равнақи, юрт ривожи учун амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ишда юртдошларимизни фаолроқ бўлишга чорлаб қоламиз.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Матбуот хизмати