19.03.2021
515
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Миллий мувофиқлаштирувчи қўмитаси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт» мавзусидаги доимий илмий-амалий семинар доирасида шарқона йилбоши - Наврўз байрами ва Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланиб, “Наврўзинг муборак, юртим!” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Миллий мувофиқлаштирувчи қўмитаси аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори Н.Х.Рахимова кириш сўзи ва байрам табриги билан очиб берди.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг амалий тадқиқотлар бўйича ўринбосари - ижрочи директори М.К.Хаджимухамедов ҳам тадбир иштирокчиларини байрам муносабати билан табриклаб, илиқ фикрлар билдирди.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази кичик илмий ходими Г.А.Амонова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, тадбир давомида Марказ ходимлари Абдулла Орипов ижодидан намуналар келтириб, серқирра ижодкор хотирасига ҳурмат бажо келтиришди. Адабий муҳитни Матбуот хизмати томонидан тайёрланган ижодий видеолавҳа намойиши янада бойитди ва йиғилганларга ўзгача руҳ бағишлади.
Тадбир якунида Марказ томонидан “Ўзбекистон пандемия даврида: фуқароларнинг фикри ва баҳоси (жамоатчилик фикри сўровлари натижалари асосида)” мавзусида нашр этилган китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Янгиланиш ва покланиш байрами Наврўзга ўз даврининг забардаст ижодкори Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги тўғри келгани ҳам бежизга эмас албатта. Зеро, иккисида ҳам Ватанга муҳаббат, эзгулик, поклик, инсоний фазилатлар тараннум этилади. Қалбимизда юртга муҳаббат, ҳалоллик, поклик, самимийлик ва кечиримлилик каби энг гўзал инсоний фазилатлар фақатгина байрам кунигина эмас, доимо сақланиб қолсин. Яна бир бор келаётган фасллар келинчаги баҳорнинг энг азиз байрами шарқона янги йилимиз – Наврўзи Олам барчангизга муборак бўлсин.