29.06.2021
494
2021 йил 29 июнь куни "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, «INSA-CONSULERE» бозор ва ижтимоий тадқиқотлар институти (Германия), Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ташкилотчилигида халқаро ҳамкорлик доирасида "Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, усуллар, амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг "Aҳолининг электорал маданияти контекстида жамоатчилик фикрини ўрганиш" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжумани ZOOM иловаси орқали онлайн тартибда ўтказилди.
Семинар иштирокчилари эътиборига «INSA-CONSULERE» бозор ва ижтимоий тадқиқотлар институти раҳбари жаноб Х.Бинкертнинг (Германия) “Германиядаги сиёсий сайловларни тадқиқ этиш намуналари" ва "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг амалий тадқиқотлар бўйича ўринбосари - ижрочи директор М.К.Хаджимухамедовнинг "Фуқароларнинг электорал хулқ-атвори социологияси: ўлчаш, баҳолаш методологияси ҳамда методикаси ва таҳлил" мавзусидаги маърузалари ҳавола этилди.
Маърузалар якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида жонли мунозара бўлиб ўтди. Мунозарада социология, сиёсатшунослик, иқтисодиёт ва демография соҳасидаги олим ва мутахассислар иштирок этдилар.
Хусусан, семинар иштирокчилари аҳоли ўртасида телефон ва онлайн сўровлар ўтказиш методологияси ва социологик тадқиқотларни ўтказишда танловни шакллантириш масалалари билан қизиқдилар.
Семинар якунида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, и.ф.д. Н.Раҳимова «INSA-CONSULERE» бозор ва ижтимоий тадқиқотлар институти ҳамда Марказ томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикасида илмий журналлар ва китобларда ҳамкорликда мақолалар эълон қилиш таклифи билан чиқди ва мазкур семинарнинг ғоят долзарблигини таъкидлаб, унинг барча иштирокчилари, айниқса, «INSA-CONSULERE» бозор ва ижтимоий тадқиқотлар институти раҳбари жаноб Х.Бинкертга тақдим этилган мазмунли маъруза ва тақдимот материаллари учун миннатдорчилик изҳор этди. Шунингдек, у истиқболда назарий ва амалий социологиянинг асосий масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашиш юзасидан янада самарали ҳамкорлик фаолиятини онлайн телекўприк шаклида давом эттиришга ишонч билдирди.