26.08.2021
490
1 сентябрь куни Ўзбекистон халқи миллий байрам - Мустақиллик кунини нишонлайди. Ўзбекистонликлар учун Мустақиллик куни улкан ва ёрқин байрам ҳисобланади, фуқаролар давлат мустақиллигининг 30 йиллигини жонажон Ватанлари учун алоҳида фахр-ифтихор туйғуси билан кутиб олмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида 2021 йил 26 август куни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт» мавзусидаги доимий илмий - амалий семинарнинг “Янги Ўзбекистон – жамоатчилик фикри – Мустақилликнинг 30 йиллиги” мавзусидаги мажлисини ўтказди.
Семинарда “Ўзбекистон: давлат мустақиллигининг 30 йиллиги” мавзусидаги мажмуавий социологик тадқиқот натижаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадқиқотнинг мақсади мустақиллик даврининг энг муҳим ютуқлари, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатдаги янгиланиш ва ислоҳ қилиш жараёнлари ҳақидаги фикрлари ва тасаввурларини ўрганиш бўлди.
Семинарда “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ директори Н.Х.Раҳимова таъкидлаганидек, жамоатчилик фикри сўровлари мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида юритилаётган ҳамда давлатни ижтимоий ва иқтисодий модернизациялашга қаратилган сиёсат жамият томонидан миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлининг далолати сифатида қабул қилинаётганлигидан гувоҳлик бермоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси ҳар бир ўзбекистонликка яқин ва тушунарлидир, ушбу ғоя жамиятни, бутун халқни барча соҳаларда мамлакат тараққиётини таъминлаш, янги ҳаётни қуриш ва мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари сафига киритиш, ижтимоий тенгсизликни бартараф этиш, камбағаллик билан курашиш ва халқ фаровонлигини оширишдек бош вазифа ижроси йўлида жипслаштирди.