264

ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТИ


Жорий йилнинг 2 ва 3 ноябрь кунлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ЕХҲТ Миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссари идораси (МООК) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази ташкилотчилигида МООКнинг турли хил жамиятларни маҳаллий даражада интеграциялаш бўйича Любляна тавсиялари тўғрисидаги хабардорликни ошириш ва халқаро тажрибани тақдимот этиш мақсадида давра суҳбатлари ўтказилди.

Люблянанинг турли хил жамиятларни интеграциялаш бўйича тавсиялари миллий озчиликларнинг ўзига хос муаммоларини давлатларнинг «изоляцияланмайдиган ва жипслашган жамият» яратишга қаратилган комплекс интеграция сиёсатини шакллантириш орқали ечишни таклиф этади.

Любляна тавсияларининг асосий мақсади хилма-хилликка ҳурмат билан интеграциялашувдан иборатдир. Бу иштирокчи давлатлар тегишли институционал ва қонунчилик базасини ишлаб чиқиш ва бир қатор соҳаларда мақсадли сиёсатни самарали амалга оширишга ёрдам беришлари мумкин ва керак бўлган жараёндир. Буларга: фуқаролик ва тил сиёсати; ҳаётнинг барча соҳаларида самарали иштирок этиш; тил, таълим, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш; судлов ишларидаги адолат; оммавий ахборот воситалари, шунингдек, рамзларни қўллаш ва улардан жамоат жойларида фойдаланиш каби камситишга қарши чора-тадбирлар киради.

Тавсиялар миллатлараро низоларга олиб келиши мумкин бўлган муаммоларга алоҳида эътибор беради ҳамда интеграция сиёсати хилма-хилликни ҳисобга олиши ва миллий гуруҳларни ҳам мажбурий ассимиляция қилишдан, ҳам ортиқча изоляциялашувдан сақлаши кераклигини таъкидлайди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Миллий озчиликлар бўйича Олий Комиссарнинг (МООК) асосий иш усули «тинч дипломатия» бўлиб, можароларнинг эрта олдини олиш ва миллатлараро кескинликнинг зиддиятга айланиб кетиши олдини олиш бўйича шошилинч ҳаракатлар қилиш унинг вазифаси ҳисобланади.

Давра суҳбати сессиялари дастурида, хусусан, «Интеграция тамойиллари ва интеграция сиёсатининг норматив-ҳуқуқий базаси элементлари» номли I сессиясида халқаро ва миллий ташкилотлар вакиллари, миссия раҳбари вазифасини бажарувчи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбари ва мувофиқлаштирувчиси; ЕХҲТ Миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссари маслаҳатчиси; Миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссарнинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари маъруза қилишди.

«Интеграция сиёсатининг асосий йўналишлари – турли мамлакатларнинг илғор тажрибалари намуналари» номли иккинчи сессияда ЕХҲТ Миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссари идораси ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари сўзга чиқдилар.
«Интеграция устуворликлари ва самарали интеграция жараёнлари муаммолари» номли учинчи сессияда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг амалий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш бўлими ҳамда тезкор тадқиқотлар бўлими бошлиғи Мансур Сеитовнинг «Жамоатчилик фикри мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлик кўрсаткичи сифатида» мавзусидаги маърузаси тақдим этилди, унда мамлакатдаги миллатлараро муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиши акс эттирилди, турли миллатлар вакиллари учун тенг ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланганлик даражаси ҳақида ўзбекистонликларнинг фикри ўрганилди, «Ижтимоий фикр» Маркази томонидан ўтказилган социологик тадқиқотларнинг асосий натижалари ёритиб берилди.