5

ТОШКЕНТДА РАЪНО АХАТОВНА УБАЙДУЛЛАЕВАНИНГ 90 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН СОЦИОЛОГИК ФЕСТИВАЛ БЎЛИБ ЎТАДИ

 

4 ноябрь куни Тошкентда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ташкил этилган “Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг илмий мероси: фан, жамият, авлодлар” мавзусидаги социологик фестивал ўз ишини бошлайди. Фестивал атоқли олимнинг 90 йиллик юбилейига бағишланган бўлиб, илмий меросни асраб-авайлаш, авлодлар ўртасидаги илмий ворисийликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонда социология фанини янада ривожлантиришга йўналтирилган илмий, таълимий, касбий ва хотира тадбирларини бирлаштиради.

Фестивални ҳар йили ўтказиш режалаштирилган бўлиб, у турли авлод социологлари ўртасида профессионал мулоқот ва тажриба алмашишнинг янги анъанасини шакллантиришга хизмат қилади.

Илмий мерос, таълим, касбий амалиёт ва жамоатчилик олдидаги масъулиятни ўзаро уйғунлаштириш ғояси Фестивал дастурининг асосини ташкил этади. Унда социология фанини оммалаштириш, тадқиқотчилик маданиятини ривожлантириш, ёш мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ошириш ва илмий ташкилотлар ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори Н.Х.Раҳимова таъкидлаганидек:

“Раъно Ахатовна Убайдуллаева миллий социологиянинг шаклланиши ва ривожланишига, жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича илмий анъаналарнинг шаклланишига, шунингдек, тадқиқотчиларнинг янги авлодини тарбиялашга улкан ҳисса қўшган. Унинг илмий мероси – бу нафақат фундаментал асарлар ва касбий ютуқлар, балки илм-фанга садоқат, жамият олдидаги масъулият ҳамда ижтимоий жараёнларни холисона ўрганишга интилишнинг ёрқин намунасидир. Биз учун у киши асос солган илмий анъаналарнинг изчил давом эттирилиши ўта муҳим.

 Авлодлар ўртасидаги ворисийлик – бу фақат буюк олимлар ҳақидаги хотираларни сақлаш эмас, балки билимлар, тадқиқотчилик тажрибаси, касбий қадриятлар ва илмий маданиятни ёш мутахассисларга етказиш ҳамдир. Биз фестивалнинг тажриба ва ёшлик, илмий мерос ва замонавий тадқиқотчилик ёндашувлари учрашадиган мулоқот майдонига айланишини,  ёш социологларнинг эса  ўз салоҳиятини намоён этишлари, фикр ва ғояларини  алмашишлари ҳамда миллий социология фанининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлишларини истаймиз”.

Социологик фестивал дастури

4 ноябрь – Фестивалнинг тантанали очилиши ва “Илмий мерос ва замонавийлик” мавзусидаги социологик ўқишлар.

Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг илмий меросига бағишланган социологик ўқишлар тўпламининг тақдимоти биринчи куннинг  марказий воқеаси бўлади.

Шунингдек, иштирокчиларга академик Р.А.Убайдуллаева номидаги мактаб фаолияти тақдим этилади. Дастурда тўплам муаллифларининг маърузалари, академикнинг илмий ғоялари ва тадқиқотчилик ёндашувлари, уларнинг замонавий социология учун долзарблиги юзасидан муҳокамалар, шунингдек, фестивал дастурининг тақдимоти кўзда тутилган.

16 ноябрь – марказнинг ёш ходимлари ўртасида “Социология амалда” интеллектуал турнири.

 “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёш мутахассислари жамоавий интеллектуал-таҳлилий беллашувда иштирок этадилар.

Иштирокчилар социологик назария ва жамоатчилик фикрини ўрганиш методологияси бўйича билимларини, социологик маълумотларни таҳлил қилиш ва талқин этиш кўникмаларини, шунингдек, амалий тадқиқот вазифаларига асосланган ечимлар топиш юзасидан малакаларини намоён этадилар.

Турнир ёш мутахассисларнинг касбий маҳоратини, таҳлилий фикрлашларини, ўзаро жамоавий ҳаракатланиш кўникмаларини ривожлантиришга ва амалий социологик тадқиқотлар сифатини юксалтиришга мўлжалланган.

20 ноябрь – “JAMIYATNI KO‘RA OLISH – Увидеть общество” талабалар танлови. Интеллектуал танловда Ўзбекистоннинг “Социология” йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланадиган олий таълим муассасалари талабаларидан ташкил топган жамоалар иштирок этади.

Танлов тадқиқот вазифаларини жамоавий ҳал этиш форматида ўтказилади. Талабалар олдига долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш, тадқиқот саволлари ва фаразларини шакллантириш, социологик маълумотларни таҳлил қилиш, методологик чекловларни баҳолаш ҳамда ўз хулосаларини далиллар асосида ҳимоя қилиш вазифалари қўйилади.

Айрим топшириқлар тадқиқотчилик хулосаларини танқидий баҳолаш, ностандарт методологик вазиятларга ечим топиш ва жамоавий иш натижаларини қисқа тақдимот шаклида баён этишга бағишланади.

Мазкур тадбир талабаларнинг социология фанига бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, мустақил тадқиқотчилик тафаккури ва кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, бўлажак социологлар ва амалиётчи тадқиқотчилар ўртасида касбий мулоқот учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Фестивалнинг якуний тадбири илмий ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда ҳамкор ташкилотларни бирлаштирувчи Халқаро илмий-амалий семинар бўлади.

Семинар доирасида академикнинг илмий мероси, социология фанини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари, ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш масалалари ҳамда касбий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Шунингдек, фестивал якунлари сарҳисоб қилиниб, танловлар ғолиблари ва иштирокчилари тақдирланади.

 “Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг илмий мероси: фан, жамият, авлодлар” социология фестивали илмий меросга ҳурмат, авлодлар ворисийлиги, замонавий тадқиқотчилик ёндашувлари ва маҳаллий социология фанини келгусида ривожлантиришга интилишни ўзида мужассам этган, ҳар йили ўтказиладиган ҳамкорлик майдонига айланиши кўзда тутилган.