149

Баҳор келиши билан инсонлар қалбида ёшариш, янгиланиш, кўтаринки кайфият, муҳаббат ҳисси  барқ уришни бошлайди. Она табиат яшил тусга кириб ўзининг гўзалликлари билан инсонларни дилини хушнуд қилади. Шунингдек, баҳорда халқимиз қадимдан интиқлик билан кутиб, завқ билан нишонлайдиган қадимий миллий Наврўз байрамини нишонлашга тайёргарлик бошланади.

Наврўз форс тилидан таржима қилинганда “янги кун” баҳорнинг биринчи куни, табиатнинг уйғониши маъносини англатади. Наврўз–тинчлик ва осойишталикни тараннум этувчи, инсониятга яхшилик, меҳр-оқибат, бахт-саодат ва поклик улашувчи айёмдир. Унинг ҳар лаҳзасида бағрикенглик, инсон қадрини улуғлаш, катталарга ҳурмат кичикларга иззат, кексалар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга ёрдам бериш, юртни обод қилишдек хайрли амаллар амалга оширилади.

Наврўз байрами арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш МарказиФУҚАРОЛАР 2024-ЙИЛДА  НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИНИ ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА” мавзусида жамоатчилик фикри сўровини ўтказишни бошлади. Тадқиқотда фуқароларнинг Наврўз байрами ҳақидаги фикрлари, ҳис-туйғулари,  миллий таомларимизга нисбатан муносабати, бу байрамни қандай ўтказишни режалаштираётганликлари, мамлакатимизда Наврўз байрами ўтказилиши тўғрисидаги аҳоли томонидан фикр-мулоҳазаларини ўрганишга қаратилган.

Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларида яшовчи фуқаролар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида банд бўлган турли миллатлар ва ижтимоий қатламлар вакиллари, ёшлар, ўрта ва кекса ёшдагилар иштирок этмоқдалар.