07.03.2024
255
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Яратганнинг буюк мўъжизаси - Аёл шаънига бетакрор ташбеҳлар битиладиган қутлуғ байрам арафасида меҳрибон ва дуогўй онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимизни бахт ва баҳор элчиси, гўзаллик ва нафосат айёми – 8 Март-Халқаро хотин-қизлар куни билан қизғин муборакбод этамиз!
Сиз борки, ҳаётимиз фаровон, қалбларимиз чароғон, оилада тинчлик-хотиржамлик, болаларнинг беғубор табассумидан бахтиёрлик ҳисси тўлиб- тошади, хонадонимиздан саранжом-саришталик, озодалик-покизалик ифори таралади. Сиз бахтли бўлсангиз, демак, оила – бахтиёр, оиланинг бахтиёрлиги - жамиятнинг фаровонлиги белгиси. Шу боисдан ҳам, Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб марказида аёл сиймоси, унинг дарду ташвишларини аритиш ва аёл бахтини бекам қилишдек эзгу ниятлар турибди. Зеро, аёл - оиламиз таянчи, жамиятимиз устуни ҳисобланади.
Ўзбекистон хотин-қизларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда муносиб турмуш тарзини таъминлаш, барча соҳаларда уларнинг фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан биридир. Не бахтки, юртимизда инсон қадри, хусусан, аёл қадри тобора кўпроқ улуғланмоқда. Ўзининг бор билими ва тажрибаси, салоҳияти, ғайрат-шижоатию тафаккури билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида меҳнат қилаётган, келажак авлод тарбиячиси бўлмиш ҳар бир аёл эл-юрт эътибори ва меҳру муҳаббатига сазовор бўлаётгани айни ҳақиқат. Зеро, аёл зоти, хусусан, Ўзбекистон хотин-қизлари миллатнинг давомчиси сифатида бундан-да кўпроқ эъзозларга муносиб эканлиги шак-шубҳасиздир.
Муҳтарама онахонлар, азиз опа-сингиллар, ҳурматли ҳамкасабалар!
Барчангизни қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий қутлаб, оилангиз бахту саодат ва фаровонликка, дастурхонингиз файзу баракага, жисму жонингиз мустаҳкам соғлик ва хотиржамликка, аёллик латофатию гўзалликка, яқинларингизнинг меҳру муҳаббатига, меҳнат фаолиятингиз улкан ютуқлар ва эътирофларга тўлиқ бўлишини Яратгандан тилаб қоламиз.
Айёмингиз муборак, азиз ва муҳтарама аёллар!
“Ижтимоий фикр”
республика жамоатчилик
фикрини ўрганиш Маркази