03.10.2025
13
Жамият тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни ва роли доимо муҳим масала бўлиб келган. Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлардаги иштирокига шароит яратиш, шунингдек, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу мусонабат билан «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз фуқаролари орасида “Фуқаролар Ўзбекистонда хотин-қизларнинг роли, гендер тенглик ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақида” мавзусида социологик тадқиқот ўтказишни бошлади.
Мазкур тадқиқотни ўтказишдан мақсад юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ҳар томонлама ўрганиш, жамиятимизда гендер тенглик масалаларига нисбатан аҳолининг фикр мулоҳазаларини билиш, мамлакатимиздаги ислоҳотларга муносабатини аниқлаш ҳамда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг кўламини чуқур таҳлил қилишдан иборатдир.
Бугунги глобаллашув даврида хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида яъни, оила, таълим, соғлиқнинг сақлаш, фан ва маданият, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт каби соҳаларда фаол иштирок этмоқда. Бироқ, анъанавий стереотиплар, меҳнат бозорида тенгсизлик, оиладаги ёки жамоат жойларидаги зўравонлик ҳолатлари уларнинг имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин.
Айнан шу нуқтаи назардан мазкур сўровнома жамиятдаги реал вазиятни кўрсатиб бериши, давлат сиёсатини такомиллаштириш учун ишончли ижтимоий маълумотлар базасини шакллантириши билан аҳамиятлидир. Ушбу тадқиқот натижалари хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, гендер тенгликни амалда таъминлашга хизмат қилади.