9

РИГА ШАҲРИДА ЎЗБЕКИСТОН ННТ ВАКИЛЛАРИ УЧУН ХАЛҚАРО “ЁЗГИ МАКТАБ” ИШ БОШЛАДИ

2026 йил 20–25 апрель кунлари Латвия Республикасининг Рига шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш - инклюзив коррупциянинг олдини олиш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун халқаро “Ёзги мактаб” ташкил этилди.

Мазкур ўқув дастурининг долзарблиги бугунги кунда давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупция хавфларини бартараф этиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш зарурати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга татбиқ этиш устувор аҳамият касб этади.

Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон делегациясини Латвияда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, жамоатчилик иштирокини институционаллаштириш, давлат органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда коррупциянинг олдини олишда илғор механизмлар билан таништиришдан иборат.

Дастур доирасида иштирокчилар давлат ресурсларини бошқаришда коррупция хавфларини аниқлаш, манфаатлар тўқнашувини баҳолаш, давлат харидлари жараёнида жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек фуқаролик жамиятини молиялаштиришнинг барқарор моделларини ўрганиш имконига эга бўладилар.

Ўзбекистон делегацияси таркибига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари ҳамда турли нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари кирган бўлиб, улар қаторида таҳлилий марказлар, инсон ҳуқуқлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий ривожланиш йўналишида фаолият юритувчи ташкилотлар иштирок этмоқда.

“Ёзги мактаб”нинг илк кунида фуқаролик иштирокининг ҳуқуқий асослари ва институционал тизимига бағишланган маърузалар ташкил этилди. Хусусан, Балтика инсон ҳуқуқлари жамияти ва Латвия Давлат канцелярияси вакиллари томонидан давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, жамоатчилик иштирокини ривожлантириш механизмлари юзасидан амалий тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек, дастур доирасида иштирокчилар Латвиянинг Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси, Фуқаролик альянси, Балтика медиа маркази ҳамда Рига шаҳар кенгаши фаолияти билан танишиб, жамоатчилик назорати ва шаффоф бошқарувни таъминлашга қаратилган илғор тажрибаларни ўрганадилар.

Мазкур халқаро ўқув дастури фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, шунингдек коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.