25

“ЖАҲОН ШАХМАТ САҲНАСИДА ЯНГИ ТАРИХ - ЖАВОҲИР СИНДАРОВНИНГ МУДДАТИДАН ОЛДИНГИ ҒАЛАБАСИ”

Ўзбекистон шахмат мактаби тарихида муҳим ва аҳамиятли воқелик юз берди. Мамлакатимизнинг ёш ва истиқболли гроссмейстери Жавоҳир Синдаров халқаро майдонда юксак натижага эришиб, энг нуфузли мусобақалардан бири - Талабгорлар турнири 2026 ғолиблигини муддатидан аввал қўлга киритди. У 9,5 очко жамғарган ҳолда мусобақа якунига бир тур қолганидаёқ рақиблари учун етиб бўлмас устунликни таъминлади ва жаҳон чемпионлик баҳсига йўлланмани қўлга киритди.

Мусобақанинг 13-турида тажрибали нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гири билан ўтказилган партия Синдаровнинг пухта тайёргарлиги ва барқарор ўйин услубини яна бир бор намоён этди. Қора донада ҳаракат қилган спортчи позицион устунликни йўқотмасдан, ўйинни техник эндшпилга олиб чиқди ва дуранг орқали умумий етакчилигини мустаҳкамлади. Натижада у мусобақа ғолиблигини расман таъминлади.

Жавоҳир Синдаровнинг мазкур ютуғи унинг сўнгги йиллардаги изчил ўсиши, мақсадли тайёргарлиги ва халқаро майдонда тўплаган бой тажрибасининг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, у 2025 йилда жаҳон кубоги мусобақасида ғолиб чиқиб, энг ёш чемпионлардан бири сифатида кенг эътироф этилган эди. Шунингдек, у бир қатор нуфузли халқаро турнирларда юқори ўринларни эгаллаб, етакчи гроссмейстерлар устидан принципиал ғалабаларни қайд этди.

2026 йилги мусобақада эришилган натижалар унинг спорт маҳоратини янада яққол намоён қилди. Жавоҳир Синдаров 6 та ғалаба қайд этиб, замонавий икки даврали форматда юқори кўрсаткични намойиш этди, барқарор ўйин услуби, стратегик фикрлаши ва руҳий бардоши билан ажралиб турди. Бу эса унинг нафақат техник жиҳатдан пухта, балки психологик жиҳатдан ҳам етук спортчи сифатида шаклланганини кўрсатади.

Мазкур тарихий натижа нафақат шахсий ютуқ, балки Ўзбекистонда шахматни ривожлантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳамда интеллектуал спорт турларига қаратилаётган эътиборнинг амалий самараси сифатида намоён бўлмоқда. Шу маънода, Жавоҳир Синдаровнинг муваффақияти мамлакатда ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, интеллектуал ривожланишни рағбатлантириш ва халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш жараёнлари билан узвий боғлиқдир.

Эндиликда Жавоҳир Синдаровни янада масъулиятли босқич кутмоқда. У амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун ҳал қилувчи баҳсда иштирок этади. Ушбу беллашув нафақат спорт воқеаси, балки жамоатчилик диққат марказидаги муҳим халқаро ҳодисага айланиши кутилмоқда.