6

КЕЛГУСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ АСОСИЙ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  2025 йил 26 декабрь куни Олий Maжлис ва Ўзбекистон халқига йиллик Мурожаатнома йўллади.  Давлатимиз Раҳбари ўз нутқида 2025 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини сарҳисоб қилиб, келгусидаги ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берди.

Президентнинг таъкидлашича, глобал мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишни намоён этди, 2025 йил якунларига кўра мамлакатимиз ЯИМнинг ўсиш суръатлари энг юқори бўлган МДҲ давлатлари учлигига кирди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани мустаҳкамлаш, ишсизликни камайтириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чораларини кўриш давом эттирилди. Ушбу жараёнлар экспорт кўрсаткичларининг ўсиши ва макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги муҳим ютуқлар — Ўзбекистоннинг глобал саммит ва форумлардаги фаол иштироки, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, спорт, маданий ва илмий ташаббусларни илгари суриш билан бирга кечди.

Президентимиз эришилган натижалар "Ўзбекистон – 2030" стратегияси мақсадларига мос келиши, амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил ва тизимли эканлигидан далолат беришига эътибор қаратди.

2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилиниши Мурожаатноманинг  асосий мавзуларидан бири бўлди. Давлатимиз Раҳбарининг таъкидлашича,  замонавий Ўзбекистонда маҳалла нафақат маъмурий бирлик, балки, аввало, жамият ҳаётининг маркази, ижтимоий алоқаларни шакллантириш, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ишонч майдони сифатида  намоён бўлмоқда.  Давлатимиз раҳбарининг сўзларига кўра, инфратузилма, ижтимоий хизмат кўрсатиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ободонлаштириш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини фуқаролар маҳалла даражасида ҳис этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек: "Барчамиз учун ҳам ота, ҳам она бўлган маҳаллага, шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт аввало ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади".

Президент ўз Мурожаатномасида натижаларни умумлаштириш ва устуворликларни ифодалаш билангина чекланиб қолмади. Минтақавий ривожланиш, инфратузилма лойиҳалари, инвестициялар, иш ўринларини яратиш ва "яшил" энергетикани ривожлантиришга, шунингдек, ижтимоий барқарорликка, давлат хизматлари сифати ва маҳаллий жамоаларнинг ролига катта эътибор қаратилди, бу мамлакат раҳбариятининг давлатнинг стратегик мақсадларини одамларнинг ҳақиқий яшаш шароитлари ўзаро боғлаш ва жамият билан янада мазмунли мулоқот ўрнатиш истагини кўрсатади.

Шу нуқтаи назардан, жамоатчилик кайфиятини тушуниш алоҳида аҳамиятга эгадир, бу фуқароларнинг кенг кўламли ўзгаришларга муносабатини тушунишга имкон беради. Президент мамлакат яқин йилларда юқори ва ўрта даромадли мамлакатлар тоифасига киришни аниқ мақсад қилган ҳолда, барча соҳа ва тармоқларда чуқур ўзгаришларни талаб қиладиган Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўяётганини таъкидлади. Айнан шунинг учун ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар жамоатчилик талабларига қандай жавоб беришини тушуниш ва аҳоли ўртасида қўллаб-қувватлашни топиш жуда муҳимдир.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, «Ижтимоий фикр»  РЖФЎМ "Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.M. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси”  мавзусидаги социологик сўровни ўтказишга киришди.

Тадқиқот жараёнида маҳаллаларда кечаётган жараёнларни, маҳаллий тузилмаларга бўлган ишонч даражасини, фуқароларнинг жамоатчилик ташаббусларида иштирок этишга тайёрлигини, шунингдек, маҳаллани давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг асосий канали сифатида қабул қилишини ўрганишга эътибор қаратилади. Олинган маълумотлар Президент Мурожаатномасида кўрсатилган устувор йўналишларни амалга ошириш шароитида жамоатчилик фикри ва аҳолининг умидларини чуқурроқ тушунишга имкон беради.