29.01.2026
8
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат аҳолиси ўртасида фуқароларнинг китоб мутолааси маданиятини ўрганишга қаратилган кенг кўламли социологик тадқиқотни ўтказишни бошлади. Мазкур тадқиқот жамиятда китоб ўқиш одатларида юзага келаётган ўзгаришларни илмий асосда таҳлил қилиш, аҳолининг мутолаага бўлган қизиқишлари ва афзалликларини аниқлаш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни такомиллаштиришга хизмат қилувчи аниқ хулосалар ишлаб чиқиш заруратидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.
Тадқиқотнинг долзарблиги бугунги рақамли ахборот макони шароитида босма китоб ўқиш анъаналари билан электрон fва аудиоформатлар ўртасидаги нисбат ўзгариб бораётгани, ижтимоий тармоқлар ва тезкор ахборот манбалари аҳолининг ўқишга бўлган муносабатига таъсир кўрсатаётгани билан изоҳланади. Шу нуқтаи назардан фуқароларнинг қай даражада китоб мутолааси билан шуғулланаётгани, қайси жанрлар ва муаллифларга қизиқиши, мутолаа учун қулай форматларни танлаши ҳамда ўқишга рағбатлантирувчи ёки чекловчи омилларни аниқлаш жамият маънавий ривожи учун муҳим ҳисобланади.
Тадқиқотнинг асосий мақсади аҳолининг китоб мутолаасига бўлган муносабатини комплекс ўрганиш, ўқиш одатлари ва қизиқишларини илмий асосда баҳолаш ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, аҳолининг китоб ўқиш частотасини аниқлаш; афзал жанрлар ва муаллифлар йўналишини ўрганиш; босма, электрон ва аудиокитоб форматларига муносабатни таҳлил қилиш; мутолаа амалга ошириладиган жойлар ва тилларни баҳолаш; китоб танлаш усулларини очиб бериш; ўқишга ундайдиган рағбатлар ҳамда чекловчи сабабларни аниқлаш; китобларни олиш манбалари ва имкониятларини ўрганишдан иборат.


