179

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги ёрдамида “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати механизмларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш” мавзусида уч кунлик семинар-тренинг ташкил этилди.

Мазкур тренингда 40 дан ортиқ ОАВ мутахассислари, ННТ ва жамоатчилик кенгаши вакиллари шунингдек, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тезкор тадқиқотлар бўлими раҳбари Мансур Сеитов ҳам иштирок этди.

Семинар-тренингни Тухташева Умида Абдиловна – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари, Акико Фужии – БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили очиб беришди.

Тренинг Ўзбекистонда коррупция мавзусининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши: тенденциялар ва муаммолар тўғрисида фикр алмашиш, очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда тадқиқотлар ўтказиш, коррупция ҳолатлари бўйича журналист суриштируви олиб бориш, журналист этикаси, мақола тайёрлашда фактларни текшириш каби мавзуларни қамраб олди.

Шунингдек, тренинг давомида Коррупцияга қарши курашишга қаратилган Глобал Медиа Стратегиялари: хорижий давлатлар тажрибаси асосида Коррупцияга қарши курашиш Миллий Стратегиясига таклифлар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича ташқи алоқа стратегияси юзасида фикр мулоҳазалар эшитилди.

Тадбирнинг учинчи кунида Жамоатчилик мониторингини ташкил этиш механизмлари ва босқичлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича ННТ ва ОАВ вакилларини малакасини ошириш ва амалий кўникмалар беришга қаратилган лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.