24.06.2025
27
КОРРУПЦИЯ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ: ИЛМИЙ ЁНДАШУВ ВА АМАЛИЙ ХУЛОСАЛАР
2025 йил 24 июн куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ташаббуси билан “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинари доирасида «Коррупция жамоатчилик фикри кўзгусида» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу илмий анжуман Ўзбекистон аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланган ҳолда, коррупция ҳақидаги кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда коррупсияга қарши самарали сиёсат юритишда социологик таҳлилларнинг ўрнини белгилашга қаратилган.
Семинарнинг очилиш қисмида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, и.ф.д. Рахимова Н.Х. сўзга чиқди ўз нутқида социологик тадқиқотларнинг фуқаролик позицияси ва давлат сиёсатини уйғунлаштиришдаги роли, соғлом жамиятни қуришда жамоатчилик фикрининг институтсионал ўрни ҳақида фикр билдирди.
Шунингдек, мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Агзамова Гулрух Анваровна, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Ишанходжаев Камолиддин Нуриддинович, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Илмий кенгаш раиси, “Бошқарув социологияси ва психологияси” кафедраси мудири, с.ф.д., профессори Бекмуродов Мансур Бобомуродович ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ф. Отахонов сўзга чиқдилар ва семинар ишига муваффақият тилашди. Ф. Отахонов коррупцияга қарши амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, шаффофликни таъминлаш ва фуқаролар иштирокини фаоллаштиришга доир механизмлар ҳақида маълумот берди.
Мазкур анжуманда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакиллари томонидан тайёрланган учта муҳим маъруза тақдим этилди.
Алексеева В.С. маъруза чиқиб ўзи томонидан фуқароларнинг Ўзбекистонда коррупция ҳақидаги умумий қарашлари, уларнинг давлат тизимига ишончи ва шахсий ҳаётидаги тажрибалари таҳлил қилинади. Ушбу маъруза жамоатчилик онгида коррупсиянинг қандай қабул қилиниши, унинг сабаблари ва оқибатларига нисбатан муносабатни очиб берди.
Шундан сўнг, Сеитов М.Ш. мамлакат соғлиқни сақлаш муассасаларидаги коррупция ҳолатларига алоҳида эътибор қаратади. Маърузада тиббий муассасаларда яширин тўловлар, хизмат кўрсатишда адолатсизлик ва аҳолининг ҳуқуқий онги даражаси чуқур таҳлил қилинади.
Тадбир давомида Тожибаев А.Б. ўз маърузаси билан туғруқхоналардаги коррупция ҳолатлари, оналар ва болалар ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда фуқароларнинг бу ҳақдаги фикрларини ёритди.
Мазкур семинарнинг илмий аҳамияти шундаки, у коррупция муаммосини жамиятнинг кўзгусида кўриш имконини берди. Жамоатчилик фикрининг таҳлили орқали давлат органлари фаолиятини баҳолаш, ҳуқуқий ислоҳотларни асослаш ва самарали жавобгарлик тизимини шакллантириш мумкин. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли, фуқароларнинг ахборотга бўлган эркин кириши ва фаол фуқаролик позицияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Семинар якунида умумлаштирилган хулосалар ва амалий тавсиялар шакллантирилди, улар асосида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниши режалаштирилди. Жамоатчилик онгини шакллантириш, давлат сиёсатининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш — барқарор ривожланишнинг муҳим пойдевори саналади.
Шунингдек, “Коррупция жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзусидаги мазкур илмий-амалий мажлис коррупцияга қарши миллий сиёсатда жамоат назорати, фуқаролик фаоллиги ва илмий ёндашувлар уйғунлигининг самарали намунаси бўлиб хизмат қилади.