203

11-феврал Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни

10 феврал куни И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳри филиалидаги “Ижтимоий-гуманитар фанлар” ҳамда “Чет тиллар” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан 11-феврал Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган, “Олима хотин-қизлар жамият кўзгусидир” номли давра суҳбати бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистоннинг шаклланишида илмий кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожланиши муҳим омиллардан биридир. Бугунги кунда республикамиз илмий-тадқиқот институтларида 700 нафардан ортиқ фан доктори, олти нафар академик хотин-қизлар илмий фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, республикамизда “Илм фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий тамойилларидан бири сифатида илмий ижод ва ахборот эркинлиги, самарадорлик ва ижодий рақобат, белгиланган.

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги илмий муассасаларда уч мингга яқин хотин-қизлар илмий-тадқиқот ишларини самарали олиб боришмоқда. Ўзбекистонлик олима хотин-қизлар кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда ўзларини намоён қилишмоқда. Уларнинг илмий меҳнати хорижий илмий тадқиқот марказлари томонидан юқори баҳоланиб келинмоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлган 240 нафар қизнинг 42 нафари таълим, 24 нафари илм-фан соҳасида ўз илмий фаолиятлари билан ютуққа эришганлар. Шунингдек, 2020-йил 29-октябрда Президентимиз Фармони билан 2030-йилгача илм-фанни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Ушбу концепцияда илмий кадрлар тайёрлаш, олима хотин-қизлар обрў-эътиборини юқори даражага кўтариш борасидаги вазифалар кўзда тутилган.

Тадбирда иқтисод, социология ва техника фанлари бўйича фалсафа докторлари, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Шарқ аёли” халқаро хотин-қизлар жамғармаси, республикамиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, етакчи олима аёллар, шунингдек, филиалнинг стипендиант талаба-қизлари иштирок этишди.

Мазкур давра суҳбатида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари В.С.Алексеева сўзга чиқиб “Ижтимоий фикр” марказида илмий-инновацион дастурларни амалга ошириш мавзусида маъруза қилиб, марказ томонидан гендер тадқиқот режаси доирасида ўтказилаётган тадқиқотлар ҳақида давра суҳбати иштирокчиларига маълумот берди.

Давра суҳбатининг якунида илмий соҳани ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида филиалнинг “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.