14

“ФУҚАРОЛАР ТОМОНИДАН ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЪЛИМ СИФАТИНИ БАҲОЛАШ”

Ўзбекистон таълим тизими сўнгги йилларда чуқур ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар босқичини кечирмоқда. Янги мактаблар қурилиши, замонавий ўқув дастурларининг жорий этилиши, ўқитувчилар малакасини ошириш, олий таълимнинг халқаро майдонга чиқиши — буларнинг барчаси миллий тараққиётнинг муҳим омили сифатида қайд этилмоқда. Бироқ асосий савол - бу жараёнлар жамият томонидан қандай қабул қилинмоқда ва амалда қандай натижа бермоқда?

Айнан шу мақсадда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Фуқаролар томонидан Ўзбекистонда таълим сифатини баҳолаш” мавзусида навбатдаги социологик тадқиқотини бошлади. Сўровнинг асосий вазифаси — таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли қандай баҳолашини ўрганиш, шунингдек, жамоатчилик фикр мулоҳазаларини билишдир.

Сўровнома саволлари мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ва олий таълим тизимини қамраб олди. Мактабгача таълим бўйича — боғчалар моддий-техника базаси, тарбиячилар малакаси, овқатланиш ва хавфсизлик; мактаб таълимида — синфлардаги тўлиқлик, ўқитувчилар тайёргарлиги, дарслик ва лаборатория воситалари, касбга йўналтириш имкониятлари; олий таълимда эса — қабул жараёнининг шаффофлиги, талабалар учун шароитлар ва таълимнинг меҳнат бозори талабларига уйғунлиги таҳлил этилади.

Тадқиқот мамлакатимизда турли ижтимоий қатлам ва ёшдаги фуқаролар иштирокида ўтказилмоқда. Респондентлар жавоблари аноним ва ихтиёрий тарзда йиғилади, натижалар эса илмий асосда умумлаштирилади. Бу орқали жамоатчилик фикри таълим ислоҳотлари самарадорлигини баҳолашда ишончли мезон сифатида хизмат қилади.

Тадқиқотнинг илмий ва амалий аҳамияти шунда ифода топадики, у фуқароларнинг кайфияти ва ижтимоий қарашларини аниқлаб, давлат қарорлари ҳамда соҳавий мутахассислар фаолияти билан таққослаш имконини яратади. Энг муҳим жиҳати фуқароларнинг айтган фикр ва таклифлари келгусида таълим тизимини тўғри йўналтириш ва ислоҳотларни самарали амалга оширишда асосий йўл-харита бўлиб хизмат қилади.