32

ЭЪТИРОФ

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сон Фармони қабул қилинган эди. Ушбу Фармонда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгиланди ва илгари сурилган қатор ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, «Юксалиш» ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг бир қатор, хусусан,  ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»ни ўтказиб бориш, унинг доирасида Олий Мажлис, Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ва мулоқот ўтказиш, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, шу жумладан, «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифи ҳам маъқулланган эди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ва ижтимоий ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ва конструктив мулоқот механизмларини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фуқаролик институтларининг фаоллигини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият доирасини кенгайтиришда алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган фаолларнинг бир гуруҳига «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Тақдирланганлар орасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг директори, иқтисодиёт фанлари доктори Н.Х.Раҳимованинг ҳам борлиги Марказ жамоасига фахр-ифтихор туйғуларини бахш этди. Н.Х.Раҳимовага мукофотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Мавлудахон Хўжаева топширди.

Марказ жамоаси Раҳимова Нигина Хайруллаевнани ушбу муносиб мукофот билан самимий муборакбод этади ва унга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, янгидан-янги ютуқлар, янада юксак эътирофларни тилаб қолади!

Мукофот муборак бўлсин!