15

4 ноябрь - Ўзбекистонда социологик тадқиқотлар ривожига улкан ҳисса қўшган таниқли олима, академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаеванинг таваллуд куни. Меҳнат фаолиятини демография, бандлик ва меҳнат жараёнлари масалаларига ихтисослашган иқтисодчи сифатида бошлаган Раъно Аҳатовна аста-секин ўз диққат-эътиборини ижтимоий ривожланишнинг ижтимоий жиҳатларини ўрганишга қаратди ва соҳадаги чуқур илмий фаолияти орқали замонавий ўзбек социологиясининг асосчиларидан бирига айланди. Унинг номи миллий илмий мактабнинг шаклланиши, ижтимоий жараёнларни ўрганишга социологик ёндашувнинг ривожлантирилиши ва рақамлар ортида ҳақиқий ижтимоий воқеликлар ва инсонлар тақдирини кўришга интилиши билан узвий боғлиқдир.

Раъно Аҳатовна йигирма йилдан ортиқроқ вақт давомида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказига раҳбарлик қилди ҳамда уни жамоатчилик фикри ва ижтимоий жараёнларни ўрганиш бўйича мамлакатдаги етакчи марказга айлантирди. Унинг раҳбарлигида ижтимоий кайфият ва ривожланиш тенденцияларини комплекс ўрганишга асосланган социологик таҳлилга замонавий ёндашувлар шакллантирилди. Унинг илмий ишлари таҳлилнинг чуқурлиги, кузатувларнинг аниқлиги ва жамиятда юз бераётган реал жараёнларни англашга интилиши билан ажралиб турарди.

Раъно Аҳатовна нафақат истеъдодли тадқиқотчи, балки улкан қалб эгаси ҳам эди. У ўз атрофида ҳамкасбларини бирлаштириш қобилиятига эга бўлиб, ёш мутахассисларга ёрдам берар, билим ва тажрибасини баҳам кўрарди, олима шу фазилати билан жамоасида ишонч ва ҳурмат муҳитини яратолган эди. Бизнинг кўпчилигимиз учун у қатъий ва талабчан, аммо ҳар доим адолатли ва куйинчак, ҳақиқий устозга айланганди. Биз Устознинг меҳрибонлиги, инсонийлиги ва илм-фанга садоқати ҳақидаги хотирани миннатдорлик билан ёд этамиз.

Олиманинг профессионал ютуқлари ва унинг социология соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиш мақсадида, академик Раъно Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар 2020 йилда унинг вафотидан сўнг ташкил этилган. Бу йил ушбу ўқишлар тўртинчи марта "Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб масалалари: усуллар, назария ва амалиёт" доимий Республика илмий семинари доирасида ўтказилмоқда. Социологик ўқишлар мамлакатимизнинг турли минтақаларидан бўлган ва хорижлик тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва амалиётчиларни бирлаштирган эзгу анъанага айланиб қолди.

Ушбу тадбир нафақат долзарб илмий масалаларни муҳокама қилиш учун платформа, балки миллий социология мактабини ривожлантиришдаги изчилликнинг муҳим элементи бўлиб хизмат қилмоқда. Социологик ўқишлар материаллари тўпламлари мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий жараёнлар ва ўзгаришлар динамикасини акс эттирмоқда.

Бу йилги социологик ўқишларнинг мавзуси - "Глобаллашув ва кенг кўламли ислоҳотлар шароитида Ўзбекистонда ижтимоий жараёнларнинг динамикаси ва трансформацияси". Ушбу масалалар доираси Раъно Аҳатовнанинг қалбига, айниқса, яқин эди: у ўзгаришларга жамиятнинг қандай муносабатда бўлишини, янги қадриятлар ва ижтимоий муносабатлар қандай равишда шаклланишини англаш муҳимлигини доимо таъкидларди.

Социологик ўқишлар нафақат миллий социологиянинг ривожланиши учун илмий аҳамиятга эга, балки у биз - шогирдларнинг Раъно Аҳатовна ҳақидаги хотирани ёдда сақлаш истагимизни ҳам ифодалайди. Биз унинг ишини давом эттириб, Устозимизнинг илм-фанга чуқур ҳурмат, кишилар ҳаётига қизиқиш ва жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларга эътибор бериш каби тамойилларига амал қилишга интиламиз.