23.12.2025
8
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакат фуқаролари ўртасида 2025 йил якунларига бағишланган республика миқёсидаги социологик сўров ўтказишни бошлади. Мазкур тадқиқот фуқароларнинг 2025 йилда мамлакатимиз ҳаётида юз берган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, амалга оширилган ислоҳотлар, давлат сиёсати натижалари ҳамда жамиятда шаклланган умумий кайфиятга бўлган муносабатини холис ва илмий асосда ўрганишга қаратилган.
Сўров орқали фуқароларнинг 2025 йилни мамлакат учун умумий натижа сифатида қандай баҳолаётгани, шахсий ҳаёт ва оилавий фаровонликда юз берган ўзгаришлар, молиявий аҳвол ва иш билан бандлик ҳолати, қўйилган мақсад ва режаларга эришиш даражаси каби масалалар чуқур таҳлил қилинади. Шу билан бирга, аҳолининг мамлакат ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар ёки салбий тенденцияларга нисбатан муносабати, давлат идоралари фаолияти самарадорлигига берган баҳоси ҳам ўрганилмоқда.
Саволнома доирасида 2025 йилда эришилган энг муҳим ютуқлар қайси соҳаларга тўғри келгани, шунингдек, инфляция, ишсизлик, аҳоли даромадлари, коммунал хизматлар, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими, экологик вазият, коррупция, ижтимоий тенгсизлик каби муаммолар фуқаролар томонидан қай даражада долзарб деб ҳисобланаётгани аниқланади. Бу маълумотлар жамиятдаги реал ижтимоий эҳтиёжлар ва хавотирлар манзарасини шакллантиришга хизмат қилади.
Алоҳида эътибор 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” сифатида эълон қилиниши доирасида амалга оширилган ишларга фуқаролар қандай баҳо берганига қаратилган. Экологик ташаббуслар, яшил иқтисодиёт ғоялари ва уларнинг кундалик ҳаётда сезилиш даражаси жамоатчилик фикри асосида таҳлил қилинади.
Сўров, шунингдек, фуқароларнинг ҳозирги ҳаётдан қониқиш даражаси, келажакка нисбатан хотиржам ёки хавотирли муносабати, ўз фикрини билдиришга тайёрлик ҳолати, эҳтимолий норозилик омиллари ҳамда 2026 йил учун устувор деб ҳисобланаётган ривожланиш йўналишларини қамраб олади. Бу эса жамиятдаги ижтимоий кайфият, ишонч ва кутилмаларни комплекс баҳолаш имконини беради.

