33

2025 йил 11 июндан бошлаб “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз аҳолиси ўртасида “Одам савдоси: хабардорлик, сабаблар, оқибатлар ва қарши курашиш” мавзусида республика миқёсида кенг қамровли социологик сўров ўтказилиши бошланди. Ушбу тадқиқот – одам савдосининг кўламини аниқлаш, аҳолининг хатарларга муносабати ва ҳимоявий онгини ўрганишда муҳим илмий-амалий қадам ҳисобланади.

Мазкур сўровнома аҳолининг турли қатламлари, жумладан, ёшлар, меҳнат муҳожирлари, хотин-қизлар ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож гуруҳлар ўртасида ўтказилади. Ушбу сўровномадаги саволлар орқали респондентларнинг шахсий тажрибаси, ахборот манбалари, хатар омили, давлат сиёсатига ишонч даражаси ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимлари нуқтаи назаридан таҳлил қилиш имконини беради.

Марказ томонидан ишлаб чиқилган сўровнома шакли халқаро мезонлар, БМТнинг Одам савдосига қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган тамойилларга таянилган.

Сўровда респондентларга одам савдосининг шакллари (меҳнат эксплуатацияси, жинсий зўравонлик, инсон танаси аъзолари савдоси, никоҳ билан боғлиқ алдаш ҳолатлари ва ҳ.к.) ҳақидаги маълумотлар, хавфли ҳолатлар ва жиноий механизмлар тўғрисидаги билим даражаси, вазиятга муносабат, ҳуқуқий маълумотга эгалик каби кўрсаткичлар асосида фикр-мулоҳазалари ўрганилади. Шунингдек, ўзи ёки яқинларининг тажрибасига эга бўлган респондентларнинг жавоблари алоҳида таҳлил қилинади.

Ушбу сўровнинг долзарблиги нафақат ҳуқуқбузарликни бартараф этиш, балки кенг жамоатчиликда алоҳида ёндашув ва инсон қадрини англашни кучайтириш билан ҳам боғлиқ. Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, одам савдоси глобал миқёсда гиёҳвандлик ва қурол савдосидан кейинги учинчи энг даромадли ноқонуний бизнес ҳисобланади. Бу жараёнга қарши самарали кураш олиб бориш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолияти билан чекланиб қолмаслиги, балки фуқаролик жамияти, ННТлар, ОАВ ва таълим муассасаларининг кенг иштирокини талаб қилади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўров иштирокчиларига берилган жавоблар тўлиқ махфий сақланади ва шахсий маълумотлар очиқланмайди. Сўров натижалари фақат умумлаштирилган ҳолда таҳлил этилади.

Фуқароларнинг ушбу тадқиқотда иштирок этиши нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш, балки одам савдосига қарши курашда фаол фуқаролик позициясини намоён этишдир. Жамият хавфсизлиги ҳар биримизнинг онгимиз, билимимиз ва ҳушёрлигимизга боғлиқ.