07.03.2025
80
8-МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ
Муҳтарам опа-сингиллар, азиз аёллар! "Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази барчангизни баҳорнинг нафис ва нурли байрами – 8-Март, Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбдан муборакбод этади!
Баҳор – табиатнинг уйғониш, янгиланиш ва яшариш фасли. У нафақат табиат, балки инсон қалбида ҳам умид, ишонч ва яхшилик уруғларини экувчи гўзаллик тимсолидир. Ана шу оламнинг гўзаллигини англаш ва унга маъно бағишлашда аёлларимизнинг ўрни беқиёсдир.
Хотин-қизлар – нафақат оила мустаҳкамлигининг асоси, балки жамият ривожининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, касбга эга бўлиши ва жамият тараққиётида фаол иштирок этиши учун улкан имкониятлар яратилмоқда. Давлат ва жамоат бошқаруви, фан, таълим, тиббиёт, маданият, тадбиркорлик ва саноат соҳаларида хотин-қизларимиз ўзининг юксак салоҳиятини намоён этиб, миллий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги қутлуғ кунда сиз азиз аёлларга бўлган юксак эҳтиром ва самимий миннатдорлигимизни изҳор этамиз. Сизларнинг меҳрубонлигингиз, сабру қаноатингиз, оқилона маслахатларингиз ва фидойилигингиз нафақат оила, балки жамият барқарорлиги ва тараққиётининг муҳим кафолатидир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, иш фаолиятингизда муваффақиятлар ва юксак эътирофлар тилаймиз. Ҳар кун ҳаётингизда бахт, қувонч ва файз уйғонсин!
8-Март – баҳор, нафосат ва гўзаллик байрами муборак бўлсин!
"ИЖТИМОИЙ ФИКР" РЕСПУБЛИКА
ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИНИ ЎРГАНИШ МАРКАЗИ