04.09.2025
17
Янги ўқув йили арафасида “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ота-оналарнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги” мавзусида социологик тадқиқот бошланди.
Тадқиқот ўтказишдан мақсад мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жамият онгидаги ифодасини ўрганиш, аҳолининг таълим жараёнига муносабатини таҳлил қилиш ҳамда оилаларнинг реал тажрибалари ва муаммоларини аниқлашдан иборат.
Мазкур тадқиқот оилаларнинг фарзандларини мактабга тайёрлаш жараёни, устувор харажат турлари, болаларнинг ёзги таътилни қандай ўтказгани ҳамда ота-оналарнинг фарзанди ўқиётган мактабдан қониқиш даражасини ўрганишга қаратилган.
Саволномада мактаб формаси, ўқув қуроллари, электрон техника, репетиторлик ва тиббий кўрик харажатлари бўйича маълумотлар йиғилади. Шунингдек, спорт, китоб мутолааси, тўгараклар ёки интернетдан фойдаланиш каби машғулотлар орқали болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши таҳлил қилинади.
Тадқиқот натижалари давлат таълим сиёсатини такомиллаштириш, оила ва мактаб ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаш учун ишончли манба бўлиб хизмат қилади.