19.06.2025
14
Юртимизда ҳар йили 30 июнь — Ёшлар куни умуммиллий даражада нишонланади. Мазкур сананинг маънавий ва ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ёшларнинг оилавий қадриятлар, никоҳ институти ва шахсий ҳаётга бўлган муносабати юзасидан республика миқёсида янги социологик сўров ўтказишни бошлади.
Ушбу сўровнома жамиятимизнинг асосий қисмини ташкил этувчи ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий мезонлари, ҳаётий стратегиялари ва социаллашув жараёнларини чуқур таҳлил қилишга қаратилган кенг қамровли илмий-амалий тадқиқот доирасида ўтказилади.
Никоҳ ва оила институти ҳар қандай жамиятда барқарорлик, ижтимоий интизом, анъаналар ва узвийликнинг ўзаги ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашув, ахборот оқими ва ҳаётий қарашлар хилма-хиллиги шароитида ёшларнинг турмуш қуришга муносабати, оилавий қадриятларга бўлган муносабати жуда сезиларли даражада ўзгариб бормоқда. Мана шу ўзгаришларни илмий асосда баҳолаш, жамиятни барқарор равишда ривожлантириш учун реал фикр ва ижтимоий кутилмаларни англаш зарурати туғилди.
Хусусан, сўнгги йилларда никоҳ ёши ортиб бормоқда, турмуш қуришда иқтисодий омиллар устувор бўлиб қолмоқда, шахсий эркинлик ва “аввало карьера, кейин оила” каби тенденциялар кучаймоқда, ёлғиз яшашга интилиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Бундай жараёнларни фақат демографик рақамлар билан эмас, балки ёшларнинг дунёқараши, маънавий қийматлари, оила институтига бўлган шахсий муносабати орқали чуқур илмий таҳлил қилиш зарур.
Мазкур тадқиқотнинг мақсади ёшларнинг никоҳ ва оилавий муносабатларга онгли ёндашувини ўрганиш, ўта-она, муҳит, таълим, интернет ва медиа таъсирини баҳолаш, оила қуришга бўлган тайёрлик даражаси ва устуворликларни таҳлил қилиш, жинс ва ёш гуруҳлари ўртасидаги тафовутлар, гендерлик стереотиплар ва мавқе сензитивлигини ўрганиш, ёшларнинг давлат сиёсатидан кутилмалари ва жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган интилишлари тўғрисида фикр-мулоҳазаларини ўрганишдан иборат.
Сўровнома 18–30 ёш оралиғидаги респондентлар ўртасида, барча ҳудудларда репрезентатив усулда ташкил этилмоқда. Унда анонимлик ва шахсий маълумотларнинг махфийлиги тўлиқ кафолатланган.
«Ижтимоий фикр» марказининг ушбу тадқиқоти Ўзбекистоннинг келажакда қандай жамият бўлишини белгилайдиган концептуал муаммоларни ёритишга қаратилган изланишдир. Ёшлар ва оила масаласи — бу ижтимоий барқарорлик, демографик тараққиёт, маънавий тикланиш ва миллий ўзлик масаласидир.