63

2024 йил 25 октябрда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида, Қозоғистон Республикасидан Парламент сайловлари бўйича халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академияси академиги, социология фанлари доктори, профессор З.К. Шаукенова билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Марказ директори Н.Х. Рахимова ҳамкасблари билан биргаликда кузатувчини Марказ фаолияти, социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикри сўровлари, Марказнинг илмий фаолияти, сўровлар ўтказишда қўлланилаётган инновацион технологиялар, шунингдек, республикада социологик тадқиқотларнинг янги йўналишларини ривожлантириш истиқболлари ва трендлари билан таништирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари сайлови арафасида сайлов кампанияларини кўп йиллик социологик таъминлаш тажрибаси масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, фуқароларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштирокини ўрганиш, аҳолининг бўлажак сайловлар ҳақидаги хабардорлигини аниқлаш, кутилаётган сайлов фаоллигини прогноз қилишга қаратилган комплекс социологик тадқиқотлар ўтказишнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.