31.03.2026
14
ФУҚАРОЛАРНИНГ ШАХСИЙ САЛОМАТЛИККА, ФАОЛ ТУРМУШ ТАРЗИ ВА СОҒЛИҚНИ САҚЛАШГА МУНОСАБАТИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқароларнинг шахсий саломатликка, фаол турмуш тарзи ва соғлиқни сақлашга муносабати” мавзусида республика миқёсида социологик тадқиқот ўтказилиши бошланди. Ушбу тадқиқот мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш, профилактик ёндашувни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар фонида алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, 2025 йил 19 майда қабул қилинган ПФ-88-сон Фармон билан соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилди, 2025 йил 1 июлдан айрим туман ва шаҳарларда, 2026 йил 1 январдан эса Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида тажриба-синов тартибида амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, ПҚ-185-сон қарор билан 2025–2027 йилларда туман ва шаҳар марказий шифохоналари ҳамда оилавий поликлиникалар инфратузилмасини қуриш ва таъмирлашга устувор эътибор қаратилди. Давлат сиёсати даражасида рақамлаштириш, клиник протоколларни янгилаш, профилактика ва замонавий диагностика самарадорлигини ошириш ҳам соҳа олдидаги муҳим вазифалар сифатида белгиланмоқда. Бу йўналишлар 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам устувор йўналиш сифатида қайд этилган.
Мазкур социологик тадқиқотнинг бош мақсади фуқароларнинг шахсий саломатликка муносабати, ўз саломатлигини баҳолаш даражаси, руҳий-ҳиссий ҳолати, жисмоний фаолликка мойиллиги, тиббий хизматлардан фойдаланиш тажрибаси ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига ишончини комплекс ўрганишдан иборат. Тадқиқот доирасида аҳолининг қайси турдаги касалликлар ва соғлиқ муаммоларига кўпроқ дуч келаётгани, стресс ва хавотирнинг асосий омиллари, жисмоний фаоллик билан мунтазам шуғулланишга нималар тўсқинлик қилаётгани, тиббий хизматлардан фойдаланишда қандай амалий муаммолар мавжудлиги, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича давлат сиёсатига жамоатчилик муносабати аниқланади.
Тадқиқотнинг вазифалари кенг қамровли ва амалий аҳамиятга эга бўлиб, у аҳоли саломатлиги билан боғлиқ ҳолатларни фуқароларнинг бевосита фикри асосида ўрганиш имконини беради. Жумладан, тадқиқот доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш жараёнида кузатилаётган ҳолатлар, хусусан, навбатлар мавжудлиги, хизматлар ва таҳлиллар нархи, малакали мутахассислар билан таъминланганлик даражаси, шунингдек, хизмат кўрсатиш сифати ва қулайлигига оид фуқароларнинг фикр мулоҳазалари таҳлил қилинади. Шу билан бирга, тиббий хизматлар ҳақидаги ахборотга эришиш имкониятлари, ҳудудий инфратузилма ва транспорт билан боғлиқ омиллар ҳам комплекс тарзда баҳоланади.
Шунингдек, мазкур тадқиқот спорт ва жисмоний фаолликка бўлган муносабатни, аҳоли яшаётган ҳудудларда спорт иншоотлари мавжудлиги ва уларнинг сифатини, соғлом ҳаёт маданиятини қарор топтиришда мотивация, вақт, шароит ва иқтисодий имконият каби омилларни ҳам таҳлил қилишга хизмат қилади. Бу эса давлатнинг оммавий спорт, профилактика ва тиббий саводхонликни оширишга қаратилган чора-тадбирлари қай даражада натижа бераётганини баҳолаш учун муҳим эмпирик асос яратади.
Мазкур тадқиқотнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жамоатчилик онгидаги инъикосини кўрсатиб беради. Бугун соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар фақатгина тиббиёт муассасаларини кўпайтириш ёки таъмирлаш билан чекланмаяпти. Янги босқичда асосий эътибор бирламчи тиббий бўғинни мустаҳкамлаш, аҳолига яқин ва қулай хизмат кўрсатиш, профилактик тиббиётни ривожлантириш, тиббий хизматларнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини ижтимоий қадриятга айлантиришга қаратилмоқда. Шу маънода, жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш ислоҳотларнинг реал самарадорлигини баҳолаш, аҳолининг кутишлари ва эҳтиёжларини аниқлаш, соҳага оид қарорларни янада аниқ ва манзилли қабул қилишда муҳим восита ҳисобланади.



