23

ЁШЛАР МЕДИА САВОДХОНЛИГИ ВА ВОЛОНТЁРЛИК ТАШАББУСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЁЗГИ МАКТАБ

2026 йил 16–21 июнь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чимган” оромгоҳида “Summer Media Camp–2026. Волонтёрлар рақамли маърифат лагери” ташкил этилди. Мазкур ёзги мактаб Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилди.

Лагер доирасида иштирокчилар учун медиа саводхонлик, рақамли коммуникациялар, волонтёрлик фаолияти, жамоатчилик билан алоқалар, контент яратиш, сунъий интеллект технологиялари ва грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш мавзуларида амалий машғулотлар ташкил этилди. Тренинглар тажрибали журналистлар, медиа мутахассислар ва соҳанинг етакчи экспертлари томонидан олиб борилди.

Мазкур ёзги мактабда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходими А.Олимжонова ҳам иштирок этиб, замонавий медиа муҳитда жамоатчилик фикрини шакллантириш, ахборот истеъмоли маданияти, рақамли платформаларда ижтимоий тадқиқот натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича илғор тажрибалар билан танишди.

Дастур доирасида иштирокчилар фейк ахборотларни аниқлаш, медиа контент таҳлили, волонтёрлик ташаббусларини тарғиб қилиш, ижтимоий тармоқларда самарали коммуникацияни йўлга қўйиш ҳамда рақамли хавфсизлик масалалари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Шунингдек, жамоавий лойиҳалар ишлаб чиқилиб, уларнинг тақдимотлари ташкил этилди.

Бундай ташаббуслар ёшларда медиа маданиятни юксалтириш, ахборот маконида танқидий фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш, фуқаролик фаоллиги ва волонтёрлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Ёзги мактаб иштирокчилари томонидан эгалланган билим ва тажрибалар келгусида мамлакатимизда медиа саводхонликни ривожлантириш ҳамда жамоатчилик билан самарали мулоқотни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.