15

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида давра суҳбати бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 3-март куни “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида марказ фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ходимларнинг институционал жараёнлардан хабардорлик даражасини аниқлаш ҳамда ички коммуникация механизмларини такомиллаштиришга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир марказ ходимлари ўртасида ўтказилган «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ фаолиятидан хабардорлик даражасини аниқлаш” мавзусидаги социологик сўровнома натижаларига бағишланди.

Давра суҳбатини марказ директори, иқтисодиёт фанлари доктори Раҳимова Нигина Хайруллаевна кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида марказ фаолиятида илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ички ахборот алмашинуви тизимини такомиллаштириш ҳамда ходимларнинг ташкилот стратегияси ва илмий лойиҳалари бўйича хабардорлигини кучайтириш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Шундан сўнг марказ директорининг илмий ва инновацион ишлар бўйича ўринбосари Сеитов Мансур Шерикбаевич мазкур мавзуда ўтказилган тадқиқот натижалари юзасидан батафсил тақдимот қилди. Тақдимот давомида сўровнома натижалари, ходимларнинг марказ фаолияти бўйича ахборот олиш манбалари, ички коммуникация жараёнларининг ҳолати, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва ечимлар таҳлил қилинди.

Тадбир давомида марказ ходимлари ўртасида очиқ ва конструктив мулоқот ташкил этилди. Иштирокчилар сўровнома натижалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Хусусан, илмий лойиҳалар, социологик тадқиқотлар натижаларини ходимларга етказиш, ички ахборот тизимини такомиллаштириш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбати якунида марказ фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, ходимларнинг институтсионал жараёнлардаги фаоллигини кучайтириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

Мазкур тадбир марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, ички бошқарув ва коммуникация тизимини мустаҳкамлаш ҳамда жамоа ичидаги илмий муҳитни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.