11

Жорий йилнинг 22 июн кунидан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Аҳоли назарида бандлик, меҳнат шароити ва жамиятда юксалиш имкониятлари: ҳозирги ҳолати, муаммолар ва фуқароларнинг истиқболдаги кутишлари» мавзусидаги республика миқёсидаги социологик тадқиқотни ўтказиш бошланди.

Бугунги кунда аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий ҳаракатчанлик имкониятларини кенгайтириш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатидаги муҳим устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Иқтисодиёт тармоқларида юз бераётган ўзгаришлар, меҳнат бозорига янги талабларнинг кириб келиши, рақамли технологиялар таъсирининг ортиши ва инсон капиталига бўлган эҳтиёжнинг кучайиши мазкур соҳалар бўйича жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганишни тақозо этмоқда. Шу боис мазкур тадқиқот аҳолининг бандлик соҳасидаги мавжуд вазиятга муносабати, меҳнат шароитлари ва жамиятдаги ижтимоий юксалиш имкониятларига доир қарашларини аниқлашга қаратилган.

Тадқиқотнинг асосий мақсади аҳолининг меҳнат бозори, меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳаракатчанлик билан боғлиқ қарашлари, баҳолари ҳамда кутишларини ўрганиш, соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил қилишдан иборат.

Сўров давомида фуқароларнинг мамлакатдаги меҳнат билан бандлик ҳолатига берган баҳолари, меҳнат соҳасидаги энг муҳим муаммолар ҳақидаги фикрлари, иш қидиришнинг самарали усуллари, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган билим ва кўникмалар ҳамда иш жойини танлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этувчи омиллар ўрганилади. Шунингдек, лавозимда кўтарилиш ва хизмат пиллапояларидан юқорилашга таъсир қилувчи омиллар, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари юқори бўлган соҳалар ва келажакда энг истиқболли деб баҳоланаётган тармоқлар юзасидан жамоатчилик фикри таҳлил қилинади.

Тадқиқот меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олади. Хусусан, меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг кенг тарқалган шакллари, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги хабардорлик даражаси, ҳуқуқлари бузилган ҳолларда мурожаат қилиш амалиёти ва бу жараёнда учраётган тўсиқлар ўрганилади. Шу билан бирга, меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича аҳолининг таклиф ва мулоҳазалари ҳам таҳлил қилинади.

Тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бири жамиятдаги ижтимоий лифтлар ва ижтимоий юксалиш имкониятларини баҳолашдан иборат. Сўров иштирокчиларининг фикрлари асосида касбий, лавозим ва ижтимоий ўсишга хизмат қилувчи омиллар, муваффақиятга эришишда таълим, касбий маҳорат, меҳнатсеварлик, тадбиркорлик, рақамли кўникмалар ва бошқа ресурсларнинг аҳамияти, шунингдек, фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлашнинг долзарб жиҳатлари ўрганилади.