24.07.2026
7
ДЎСТЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ҲАМЖИҲАТЛИК ҒОЯЛАРИГА САДОҚАТ
Мамлакатимизда жорий йилнинг 23–31 июл кунлари «Дўстлик» фестивали ўтказилмоқда. Фестивал турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, миллий маданий мерос ва анъаналарни кенг тарғиб этиш, фуқаролик бирдамлигини юксалтириш ҳамда жамиятда тинчлик ва барқарорлик ғояларини қарор топтиришга қаратилган муҳим маънавий-маърифий тадбирлардан бири ҳисобланади.
Мазкур фестиваль БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 3 майда қабул қилинган 65/275-сонли резолюцияси билан таъсис этилган 30 июл-Халқаро дўстлик куни муносабати билан ташкил этилмоқда. Ушбу халқаро сана халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, бағрикенглик ва тинчлик маданиятини кенг қарор топтиришга қаратилган нуфузли ташаббус сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона Ватан равнақи йўлида аҳил ва тотув ҳаёт кечирмоқда. «Дўстлик» фестивали ана шу бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, умумий фуқаролик қадриятларини юксалтириш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий-маърифий майдон сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Фестивал доирасидаги тадбирлар Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғида жойлашган Мустақиллик монументи пойида ўтказилган тантанали гул қўйиш маросими билан бошланди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, ёшлар ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур тадбирда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари Умида Халикова ва Шерзод Бобоев ҳам иштирок этиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашда фаоллик намоён этдилар.
Мустақиллик монументи пойига гул қўйиш маросими Ватан мустақиллигига юксак эҳтиром, халқимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлигига садоқат ҳамда турли миллат ва элат вакилларининг умумий тараққиёт йўлидаги бирдамлигини ифода этувчи муҳим рамзий тадбир сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўз фаолиятида ижтимоий бирдамлик, миллатлараро муносабатлар, бағрикенглик, фуқаролик идентиклиги ва ижтимоий ишонч масалаларини илмий асосда ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Республика миқёсида ўтказилаётган социологик тадқиқотлар аҳолининг миллатлараро муносабатлар, ўзаро ҳурмат, ижтимоий ишонч ва фуқаролик бирдамлигига оид қарашларини тизимли таҳлил қилиш имконини бермоқда. Олинган натижалар давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ижтимоий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштириш учун муҳим илмий-амалий асос бўлиб хизмат қилмоқда.




