10

8 декабрь мамлакатимиз тарихида муҳим сиёсий воқелик сифатида эътироф этилади. Ушбу кун 1992 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори бўлган Конституция қабул қилинганлигини эслатади. Асосий қонун давлатчиликни барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва инсон ҳуқуқларини кафолатлашда ҳал қилувчи мезон бўлиб хизмат қилди.

Конституция қабул қилинган давр мамлакатимиз учун тарихий бурилиш палласи эди. Мустақилликка эришилганидан сўнг, янги давлат тузумининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, демократик институтларни шакллантириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш зарур эди. 1992 йилда қабул қилинган Асосий қонун ана шу эҳтиёжга жавоб берди ва ўз мазмуни билан миллий давлатчилигимизнинг тараққиёт йўлини белгилаб берди.

Шунингдек, Конституция мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилишда устувор меъёрий асос вазифасини бажарди. Кейинги йилларда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини такомиллаштириш мақсадида қатор конституциявий ва қонунчилик ўзгаришлари амалга оширилди. Янгиланган таҳрирдаги Конституция эса замонавий Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини ўзида мужассам этди.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ушбу қутлуғ сана муносабати билан барча юртдошларимизни самимий қутлайди. Конституцияда белгилаб қўйилган тамойиллар — инсон қадри, адолат, очиқлик ва қонун устуворлиги — мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда. Марказ ўз тадқиқотлари орқали жамиятда ҳуқуқий онг ва фуқаролик фаоллигини ривожлантиришга ҳисса қўшишда давом этади.

Ушбу қутлуғ сана юртдошларимизга маънавий юксалиш, тинчлик, барқарорлик ва эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш йўлида куч-қувват бағишласин.