25.05.2026
7
Жорий йилнинг 25 май кунидан бошлаб, 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз аҳолиси ўртасида “Ўзбекистонда болалар тарбияси ва улар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши” мавзусида социологик сўров ўтказилиш бошланди.
Мазкур тадқиқотни ўтказишдан асосий мақсад жамиятда болалар тарбияси, оилавий қадриятлар, фарзанд камолоти, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига фуқаролар муносабатини ўрганишдан иборат.
Сўров жараёнида аҳолининг мамлакатимизда болалар тарбиясининг бугунги ҳолатига берган баҳоси, ота-оналар дуч келаётган ижтимоий ва маънавий муаммолар, ёш авлод тарбиясида муҳим деб ҳисобланаётган қадриятлар, таълим ва тарбия тизими самарадорлиги, шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси юзасидан фуқароларнинг фикр ва муносабатлари таҳлил қилинади.
Тадқиқотнинг муҳим жиҳатларидан бири бугунги кунда болалар билан боғлиқ долзарб ижтимоий масалаларни аниқлашдан иборат. Хусусан, сўровда сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, интернет хавфсизлиги, оиладаги зўравонлик, ижтимоий тенгсизлик, эрта никоҳлар, болалар меҳнати ҳамда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий ривожланиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, тадқиқот орқали фуқароларнинг болалар ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш, тарбияланиш, соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаш, ижтимоий ҳимоя ва эркин ривожланиш ҳуқуқларига оид қарашлари ҳам ўрганилиш кўзда тутилган.
“Ижтимоий фикр” маркази томонидан олиб борилаётган мазкур социологик тадқиқот натижалари мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ёш авлод учун хавфсиз ва барқарор ижтимоий муҳит яратишга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадқиқот мамлакатимизда инсон қадри, бола манфаати ва соғлом авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил таъминланаётганини яна бир бор намоён этмоқда.


