25.05.2026
7
“БИТИРУВЧИ — ВАТАН УМИДИ”
Мамлакатимизда “Сўнгги қўнғироқ” тантаналари ўзгача шукуҳ ва юксак кайфият билан нишонланаётган бир пайтда минглаб ўғил-қизлар ҳаётининг муҳим босқичини якунлаб, мустақил ҳаёт сари дадил қадам қўймоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини самимий муборакбод этиб, ёш авлодни Янги Ўзбекистоннинг ишончи, таянчи ва келажак бунёдкорлари сифатида эътироф этди.
Давлат раҳбари ўз табригида бугунги кунда замонавий билим, касб-ҳунар, тил билиш, рақамли кўникмалар ва мустақил фикрлаш ҳаётда муваффақият қозонишнинг асосий омилларига айланаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакатимизда ҳар бир ёшнинг сифатли таълим олиши, иқтидорини рўёбга чиқариши ҳамда муносиб келажак қуриши учун кенг имкониятлар яратилаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда таълим тизимида кечаётган ислоҳотлар нафақат мактаб инфратузилмасини модернизация қилиш, балки таълим мазмуни, педагогик ёндашувлар ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, замонавий мактаб модели, инновацион таълим муҳити ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳам мамлакат таълим тизимида кечаётган янгиланиш жараёнлари, замонавий мактаб муҳити, ўқувчиларнинг билим олишга муносабати, ота-оналар ва педагогларнинг фикр-мулоҳазалари, ёшларнинг касб танлаш жараёнлари ҳамда таълим сифатини баҳолашга оид масалалар юзасидан мунтазам социологик тадқиқотлар ўтказиб келинмоқда. Марказ тадқиқотлари жамиятда сифатли таълимга бўлган эҳтиёж ва эътибор тобора ортиб бораётганини, ёшларнинг билим, инновация ва замонавий кўникмаларни эгаллашга интилиши кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Бугун мактабни тамомлаётган битирувчилар нафақат ўз орзу ва мақсадлари сари интилаётган ёшлар, балки мамлакат тараққиёти, илм-фан, иқтисодиёт ва жамият келажагини белгилайдиган интеллектуал авлод сифатида Янги Ўзбекистоннинг муҳим кучига айланмоқда.


