14.06.2026
13
ЎЗБЕКИСТОН ФУТБОЛИ ТАРИХИДА ЯНГИ БОСҚИЧ: ЖАМОАТЧИЛИК МУНОСАБАТИ ВА ИЖТИМОИЙ КУТУВЛАР
Жаҳон спорти тарихида энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланган футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирок этиши мамлакатимиз спорт ҳаётидаги муҳим тарихий воқеа сифатида кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоанинг ушбу муваффақияти нафақат спорт соҳасидаги ютуқ, балки аҳолида миллий ғурур, ватанпарварлик туйғулари, ижтимоий бирдамлик ва мамлакат келажагига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий ҳодиса сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази фуқароларнинг мазкур воқеага муносабати, баҳолари ва кутишларини аниқлаш мақсадида республика миқёсидаги социологик тадқиқотни амалга оширмоқда.
Тадқиқотнинг асосий мақсади Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштирокига нисбатан аҳоли муносабатини ўрганиш, мазкур воқеанинг жамоатчилик онгидаги аҳамиятини баҳолаш ҳамда унинг миллий бирлик, ижтимоий кайфият ва спорт маданияти ривожига таъсирини аниқлашдан иборат. Бу орқали фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган спорт сиёсати, футболни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва миллий терма жамоанинг келгуси иштирокига оид қарашларини комплекс таҳлил қилиш назарда тутилган.
Мазкур тадқиқот давомида фуқароларимизнинг миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиққанлиги ҳақидаги хабардорлик даражасини баҳолаш, мазкур муваффақиятнинг мамлакат учун аҳамияти ҳақидаги қарашларни ўрганиш, фуқароларда шаклланган ҳиссий муносабатлар ва ижтимоий кайфият хусусиятларини таҳлил қилиш, миллий жамоанинг чемпионатдаги иштироки билан боғлиқ кутишлар ва прогнозларни аниқлаш, ушбу натижанинг асосий омиллари ҳақидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда терма жамоа иштирокининг мамлакат халқаро имижи, миллий ғурур, ёшларнинг спортга қизиқиши ва футбол инфратузилмаси ривожига таъсири бўйича баҳоларни таҳлил қилиш белгиланган. Шунингдек, фуқароларнинг мамлакатда футболни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга муносабатини аниқлаш ва соҳани янада такомиллаштириш юзасидан жамоатчилик таклифларини йиғиш ҳам тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги глобаллашув шароитида спорт мамлакатларнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёш авлодни соғлом турмуш тарзига йўналтиришнинг муҳим механизмларидан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, миллий терма жамоаларнинг йирик халқаро мусобақалардаги иштироки жамоатчилик кайфияти, фуқаролик бирдамлиги ва миллий ўзликни англаш жараёнларига сезиларли таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан мазкур социологик тадқиқот нафақат спорт соҳасидаги воқеага жамоатчилик муносабатини ўрганиш, балки унинг кенг ижтимоий аҳамиятини баҳолаш имконини ҳам беради.
Тадқиқот натижалари аҳолининг фикр-мулоҳазалари, кутишлари ва баҳолари асосида футболни ривожлантириш стратегияларини такомиллаштириш, ёшлар спортини қўллаб-қувватлаш, оммавий футболни кенгайтириш ҳамда мамлакат спорт сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш учун муҳим эмпирик манба вазифасини ўтайди. Шу билан бирга, сўров давомида миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги иштироки мамлакат фуқаролари онгида қандай ижтимоий-психологик ва маънавий аҳамият касб этаётганини аниқлаш имконини беради.


