15.04.2026
26
Ўзбекистонда таҳлил мустақил соҳага айланмоқдами?
Ўзбекистонда таҳлилий муҳит аста-секин ёпиқлик ва чекланган имкониятлар ҳолатидан чиқиб бормоқда, аммо бу борада ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўп. Таҳлилнинг қадри нимада? Ушбу соҳада асосий иштирокчилар кимлар ва қандай муаммолар мавжуд?
Ахборотни тўплаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, хавф-хатарларни баҳолаш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш таҳлилнинг энг муҳим жиҳатларидир. Ўзбекистонда таҳлилий муҳит босқичма-босқич ёпиқликдан чиқиб бормоқда, бироқ бу йўналишда ҳали катта ишлар қилиниши керак. Соҳада янги иштирокчилар пайдо бўлаётганига қарамасдан, таҳлилий бозор ҳозирча сегментларга ажратилмаган ва рақобат муҳити тўлиқ шаклланмаган. Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директор ўринбосари, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Аброр Юсупов
ўз қарашлари билан ўртоқлашади.
Таҳлилий фаолиятнинг муҳимлиги
Ислоҳотлар жараёнларини таҳлилий фаолиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мавжуд вазиятни тўғри таҳлил қилиш ва энг мақбул бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда таҳлилнинг аҳамияти юқори. Сўнгги йилларда экспертлик фаоллигининг ортиши натижасида жамоатчилик муҳокамалари мазмунан бойиб бормоқда. Янги таҳлил шакл ва усуллари – форсайт тадқиқотлари ва предиктив таҳлил пайдо бўлди. Катта маълумотлар
(Big Data) ҳамда сунъий интеллект воситалари янги имкониятларни очиб берди.
Объектив ва ишончли таҳлил ҳукуматга энг мақбул қарорлар қабул қилиш ва стратегик режалаштиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, таҳлил жамият учун ҳам зарур бўлиб, у кўплаб долзарб масалаларга жавоб излайди.
Профессионал даражада таҳлил билан махсус марказлар шуғулланади ва улар мамлакатдаги интеллектуал муҳит мавжудлиги ва шаклланганини акс эттиради. Одатда улар учта асосий турга ажратилади: академик (олий таълим муассасалари ҳузурида), давлат (жумладан, давлат органлари ҳузурида) ва нодавлат (ННТлар).
Ҳозирда жамиятни ташвишга солаётган долзарб мавзуларга эътибор қаратаётган мустақил таҳлилчилар, шунингдек, журналистлар ҳамжамияти ва блогерларнинг ортиб бораётган таъсирини таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Уларнинг фаоллиги айрим ҳолларда профессионал таҳлил кечикаётган вақтда яққол кўзга ташланади.
Замонавий дунёда маълумотларни “XXI аср нефти” деб аташади. Табиий ресурслардан фарқли ўлароқ, ахборот ҳажми шиддат билан ўсиб бормоқда, шу билан бирга унинг катта қисми қайта ишланмасдан қолиб кетмоқда.
Фейкларни ишончли маълумотлардан ажратиш тобора қийинлашиб бораётган бир шароитда, “ақл марказлари” ахборот муҳитига аниқлик киритишлари ҳамда жамоатчиликка объектив ва текширилган маълумотларни етказишлари лозим.
Аналитиканинг асосий қиймати мамлакат ривожининг стратегик йўналишини белгилайдиган қарорлар қабул қилиш жараёнларига таъсир кўрсата олиш қобилиятида намоён бўлади. У қуйидаги муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам беради: бугун қаердамиз ва қаерга интилишимиз керак; эртага бизни нима кутмоқда; стратегик ривожланиш траекториясини қандай белгилаш мумкин; ҳозирги технологик тараққиётнинг мамлакат ривожига таъсири қандай; жамиятнинг барча қатламлари, айниқса ёш авлоднинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қандай қондириш мумкин.
Таҳлилий фаолият олдидаги чақириқлар
Баъзида ҳатто тажрибали таҳлилчилар ҳам муайян муаммо бўйича аниқ прогноз бера олмайдиган ҳолатлар учраб туради. Масалан, пандемия даврида бутун дунёга таъсир қилган ўзгаришларга кўплаб давлатлар
ва одамлар тайёр эмаслиги аниқ бўлди. Албатта, қонуниятлар, математик моделлаштириш ва ретроспектив таҳлил усуллари мавжуд, бироқ амалиётда воқеалар ривожини олдиндан аниқ башорат қилиш ва реал сценарийларни ишлаб чиқишнинг ҳар доим ҳам имкони бўлмайди.
Айнан, шу боис, энг муҳим замонавий муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш йўлларини излашга хизмат қиладиган самарали ва холис таҳлилий платформани шакллантириш зарурати мавжуд. Бундай платформа турли соҳа мутахассисларини, шунингдек давлат органлари ва академик доира вакилларини бирлаштиришга хизмат қилиши керак.
Бугун ҳар қачонгидан ҳам объектив экспертиза ва сифатли таҳлилга бўлган эҳтиёж юқори. Жамоатчиликни давлат қарорларини муҳокама қилишда фаолроқ иштирок этишга чақирувлар тобора кўпаймоқда. Ҳозирда вазирлик ва идоралар томонидан ахборот-таҳлилий материаллар, ҳисоботлар ҳамда ўтказилган социологик тадқиқотлар натижалари эълон қилинмоқда.
Бироқ концептуал ва стратегик ҳужжатларни муҳокама қилишда академик доираларнинг иштироки ҳозирча етарли даражада эмас.
Бу борада мустақил таҳлилнинг аҳамияти айниқса муҳим ҳисобланади, чунки у, шартли равишда айтганда, “жамият ичида” бўлган ҳолда долзарб масалаларга тезкор жавоб қайтариш имкониятига эга.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 20 га яқин нодавлат таҳлилий марказлар фаолият юритмоқда. “Юксалиш” ҳаракати таҳлилига кўра, жорий йилда мамлакатнинг ТОП-20 “ақл марказлари” қаторига 10 га яқин нодавлат муассасалар киритилган.
Айни вақтда, соҳада янги иштирокчилар пайдо бўлаётганига қарамасдан, мамлакатдаги таҳлилий бозор ҳозирча аниқ сегментларга ажратилмаган ва тўлақонли рақобат муҳити шаклланмаган.
Шу нуқтаи назардан, таҳлилий фаолиятнинг тўлиқ экотизимини ривожлантириш, жумладан тизимли коммуникацияни йўлга қўйиш долзарб ҳисобланади. Бежизга “Коммуникация – таҳлилнинг қироли” деб айтилмайди.
Шу билан бирга, таҳлилчилар учун кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи менторлик мактабини яратиш муҳим. Мутахассислар фикрича, зарур қобилиятлар (таҳлилий фикрлаш, замонавий технологияларни билиш, ишбилармонлик, киришувчанлик ва бошқалар) мавжуд бўлганда ҳам бу жараён камида икки-уч йил вақт талаб қилади. Амалиёт кўплаб экспертлар таҳлилий фаолият учун зарур кўникмаларга илмий-тадқиқот институтлари ва таҳлил марказларида иш бошлагандан сўнг эга бўлаётганини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, “айланувчи эшиклар” (revolving door) амалиёти ҳам муҳим бўлиб, унга кўра эксперт ўз фаолияти давомида давлат хизмати, олий таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотларда ишлаш имкониятига эга бўлиши лозим.
Шунингдек, ягона тадқиқотлар банкини шакллантириш ва “катта маълумотлар” (Big Data) воситалари орқали ўтказилган тадқиқотлар натижаларини ўзаро таққослаб таҳлил қилиш имкониятларини яратиш долзарб ҳисобланади.
Ниҳоят, жамиятда “ғоялар муҳити”ни шакллантириш зарур – яъни экспертлик қадрланадиган ва интеллектуал мулоқот рағбатлантириладиган муҳит. Бунга институционал ва танқидий фикрлаш, мунозара маданияти, мухолиф фикрга нисбатан бағрикенглик каби жиҳатлар киради. Бундай муҳит антик давр тарихчиси Тацит айтганидек, “ҳар қандай нафрат
ва тарафкашликдан холи” (sine ira et studio) хулосалар чиқариш имконини беради.
Яқин йиллардаги муҳим вазифалардан бири – таҳлилий фаолият соҳасини, жумладан мустақил таҳлилни жадал ривожлантириш, унинг жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш, қарор қабул қилиш ва бошқарув жараёнида экспертлик фикри муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъминлашга қаратилиши мақсадга мувофиқ.


