14

НИКОҲ ЁШИ ТЎҒРИСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ФИКРИ ВА ЭРТА НИКОҲГА МУНОСАБАТ

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази оила институтининг ҳолатини таҳлил қилиш, унинг трансформациясига таъсир кўрсатувчи асосий тенденциялар ва омилларни аниқлашга қаратилган жамоатчилик фикри сўровларини мунтазам равишда мониторинг тартибида ўтказиб келмоқда. Ўрганишнинг асосий мезонларидан бири никоҳ ёши ҳақида фуқароларнинг фикрини аниқлаш ҳисобланади. Ўзбекистонда никоҳ-оила муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган минимал никоҳ ёшини белгилашни назарда тутади. Ёш чекловларининг қонунчилик билан мустаҳкамланиши давлатнинг никоҳни тузишда онглиликни таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ғўрлиги билан боғлиқ хавфларни камайтиришга бўлган интилишини акс эттиради.

Никоҳ учун энг мақбул ёш ҳақидаги тасаввурларни ўрганиш инсоннинг оила қуришга тайёрлигини аниқлашга замин яратади, эрта никоҳга муносабатнинг ўзига хос хусусиятларини тушуниш эса жамиятнинг эрта оила қуриш хавфини англаш даражасини акс эттиради.

Ўтказилган тадқиқот натижалари аёллар учун никоҳнинг энг мақбул ёши 18-24 ёш эканлигини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (92,5%), жумладан, 92,1% эркаклар ва 92,9% аёллар шундай ҳисоблаши аниқланди.