15.06.2026
10
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЯТ ВА САНЪАТНИНГ РИВОЖЛАНИШИ: ЖАМОАТЧИЛИК ИДРОКИ, ҚИЗИҚИШЛАРИ ВА КУТИЛМАЛАРИ
Жамиятнинг маънавий тараққиёти, миллий ўзликни англаш ва ижтимоий бирликни мустаҳкамлашда маданият ва санъат муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистон шароитида мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш, ижод аҳлини рағбатлантириш, маданий инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳолининг маданий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакат аҳолисининг маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, маданий эҳтиёжлари, қизиқишлари ҳамда кутилаётган натижаларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистонда маданият ва санъатнинг ривожланиши: жамоатчилик идроки, қизиқишлари ва умидлари” мавзусида республика миқёсида социологик тадқиқот ўтказилмоқда. Тадқиқот аҳолининг маданият ва санъат соҳасининг бугунги ҳолатига берган баҳоси, соҳадаги ўзгаришлар тўғрисидаги фикрлари, миллий маданиятга қизиқиш даражаси ҳамда маданий ҳаётда иштирок этиш омилларини аниқлашга қаратилган.
Сўров доирасида фуқароларнинг маданият ва санъат тушунчасини қандай қабул қилиши, қайси йўналишларни энг ривожланган деб ҳисоблаши, соҳада мавжуд муаммолар ҳақидаги қарашлари ҳамда миллий маданий меросни оммалаштиришнинг самарали механизмлари юзасидан фикрлари ўрганилади. Шунингдек, аҳолининг миллий мусиқа, адабиёт, театр, кино, ҳунармандчилик, тарихий-маданий мерос ва замонавий маданий жараёнларга бўлган муносабати ҳам таҳлил қилинади.
Тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бири Президент томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар ва ислоҳотларнинг жамоатчилик томонидан қабул қилиниши даражасини баҳолашдан иборат. Хусусан, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ижодий муҳитни ривожлантириш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, театр ва кино соҳасини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг маданий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан фуқароларнинг фикр мулоҳазаларини ўрганишдан иборат.


