18

Самарқанд – глобал давлат хизмати ислоҳотларининг марказида

23–25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёда илк бор БМТ Давлат хизмати форуми бўлиб ўтмоқда.

Жаҳон миқёсида давлат хизматини трансформация қилиш, уни инсон манфаатларига мослаштириш, рақамли технологиялар орқали самарадорлигини ошириш каби масалалар бугунги куннинг энг долзарб йўналишларидан биридир. Мазкур форум айнан шу мавзуларни муҳокама қилиш учун муҳим глобал платформани яратди.

«2030 йилгача 5 йил қолди: барқарор келажак учун давлат хизматларини жадаллаштириш» шиорида ўтаётган мазкур форумда 400 нафарга яқин халқаро экспертлар, давлат амалдорлари ва ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш, инновацияларни жорий этиш, етакчилик салоҳиятини шакллантириш ва ёш кадрларни тайёрлаш каби устувор масалаларни таъкидлади.

Ушбу ташаббуслар Ўзбекистондаги амалий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда 700 дан зиёд давлат хизмати онлайн тарзда “ягона дарча” орқали тақдим этилмоқда. Давлат бошқарувида аёллар улуши 35%га етди. Маҳалла кесимида ишлаш тизими жорий этилди. Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири — Ўзбекистонда Давлат хизматини рақамли трансформация қилиш бўйича Глобал билимлар маркази ва Ёш етакчилар халқаро мактабини ташкил этиш таклифидир. Бу ташаббуслар ёшларни давлат бошқарувига жалб этишнинг стратегик қадами сифатида аҳамият касб этади.

Мазкур жараёнлар “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот натижалари билан ҳам тасдиқланади. Тадқиқотга кўра, ёшларнинг кўпчилиги давлат хизматини ўзининг касбий келажаги сифатида кўради, аксарият ёшлар бу соҳанинг вазифа ва имкониятларидан хабардор. Хотин-қизлар орасида давлат хизматига қизиқиш эркакларникидан юқори эканлиги кўрсатилган.

Мазкур тадқиқот давомида ёшлар томонидан стажировка ва амалиёт дастурларини кенгайтириш, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, очиқ ва шаффоф танлов тизимини жорий қилиш каби амалий таклифлар илгари сурилган.

Самарқанд форумида билдирилган ташаббуслар мамлакат ёшларининг интилишлари ва жамиятдаги кайфият билан тўлиқ уйғун. Кутилаётган Самарқанд декларацияси эса инсон манфаатларига йўналтирилган, инклюзив ва рақамлашган давлат хизмати тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунда эса энг муҳим ижтимоий ресурс — ёшлар — асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб қолмоқда.