16.10.2025
13
15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни!
Жорий йилнинг, 2025 йил 15 октябрь куни Тошкент давлат аграр университетида Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилди. Мазкур тадбир “Қишлоқ аёллари ва инновациялар: янги имкониятлар сари” мавзусида бўлиб, тадбир қишлоқ аёлларининг илмий-инновацион ютуқларини намоён этиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Маҳкамова Зулайхо Бахриддиновна, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Туйчиев Анвар Мирзаахмедович, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Абдураҳмонов Иброҳим Йўлчиевич, Тошкент вилояти ҳокими Мирзаев Зоир Тоирович, Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Абдуалимов Эшмирза Ўролович, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Умаров Шерзод Нурмухамедович, Заркент гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони совриндори Ризаева Гавҳар Нумоновна кириш сўзи ва табриклар билан тадбирни очиб беришди.
Шунингдек, мазкур тадбирда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази хам иштирок этди.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилаётган, инновацион ғоя ва лойиҳаларни амалга ошираётган аёллар фаолияти алоҳида эътироф этилди. “Бунёдкор қишлоқ аёллари” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди, у орқали қишлоқдаги хотин-қизларнинг меҳнатсеварлиги, замонавий қишлоқ хўжалиги ривожига қўшаётган ҳиссаси намоён бўлди.
Шунингдек, илмий-инновацион фаолият билан шуғулланаётган қишлоқ аёлларининг ишланмалари намойиш этилган “Олима аёлларнинг илмий-инновацион ютуқлари кўргазмаси” катта қизиқиш уйғотди. Ушбу кўргазма орқали илм ва амалий тажриба уйғунлигида яратилган маҳсулотлар, янги агротехнологиялар ва аёллар томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар тақдим этилди.
Тадбир давомида фаол фермерлар, аграр соҳада меҳнат қилувчи хотин-қизлар рағбатлантирилди. Улар орасида мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшаётган, жамоатчилик фаолиятида фидокорона ишлаётган аёллар ҳам бор эди.
Тадбирда қишлоқ аёлларининг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки, инновация ва таълим соҳасидаги улкан имкониятлари, оила ва жамият тараққиётидаги ролига алоҳида эътибор қаратилди. Қатнашчилар қишлоқ ҳудудларида аёллар бандлигини ошириш, уларнинг иқтидори ва билим салоҳиятини ривожлантириш борасида амалий таклифлар илгари сурдилар.
Тадбир якунларида санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди. Байрамона руҳда ўтган мазкур анжуман қишлоқ аёлларининг меҳнати, заковати ва ижтимоий фаоллигига ҳурмат ва миннатдорлик рамзи сифатида юксак маънавий муҳитда ўтди.
Бу кун нафақат қишлоқда меҳнат қилаётган аёлларнинг меҳнатига муносиб эҳтиром, балки уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, янги имкониятлар эшигини очиш сари ташланган муҳим қадам сифатида тарихда қолди.