28.06.2023
330
БАЙРАМ ТАБРИГИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази барча юртдошларимизни муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан самимий табриклайди! Дунёда азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонни, унинг шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш каби муқаддас тушунчаларни ўзида акс эттирган ушбу қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Байрам муносабати билан биз барча юртдошларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик, хонадонларига файзу барака, дастурхонларига тўкин-сочинлик тилаймиз. Муқаддас Ҳаж зиёратини адо этаётган ватандошларимизнинг сафарлари бехатар бўлиб, эзгу амалларини Яратганнинг ўзи даргоҳида қабул айласин!
Азалдан тинчлик, эзгулик ва инсонийлик дини бўлиб танилган ислом дини бутун дунё аҳлини тинч-тотув, ўзаро ҳамжиҳатликда, дўсту биродар бўлиб яшашга даъват этади. Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш ҳар бир инсон учун ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади. Шундай экан, ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, саховат ва ҳамжиҳатлик, сабру қаноат ва шукроналик сингари инсоний фазилатларни улуғлаб келаётган муборак Қурбон ҳайитининг барҳаёт анъаналари турли халқлар ва элатларни бирлаштирувчи беқиёс маънавий куч бўлиб хизмат қилаверсин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
“Ижтимоий фикр” республика
жамоатчилик фикрини
ўрганиш Маркази