46

14-феврал буюк мутафаккир, давлат арбоби, шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун!

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган улкан шахс, моҳир саркарда, адолатпарвар давлат арбоби ва бетакрор истеъдод соҳиби бўлган шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 542 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Унинг илмий ва адабий мероси бугунги кунда ҳам халқаро даражада катта қизиқиш уйғотиб, ўрганиш ва таҳлил этиш объектлари қаторида турибди. Ҳар йили З.М.Бобур таваллуд куни муносабати билан унинг буюк шахсияти ва илмий-адабий мероси чуқур ўрганилиб, янги илмий-назарий ёндашувлар билан бойитилмоқда.

З.М.Бобурнинг тарихий ва адабий фаолиятига назар ташласак, унинг машҳур  "Бобурнома" асари тарихшунослик, география, этнография ва давлат бошқаруви соҳаларида бебаҳо манба ҳисобланади. Мазкур асар ўша даврдаги маданий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётни чуқур англашга хизмат қилиб, замонавий фан учун ҳам муҳим бўлиб қолмоқда. Бобурнинг шеърияти эса нафақат бадиий ижод намунаси, балки унинг шахсий фалсафий қарашларини акс эттирувчи бадиий манзара юксак ва олийжаноб инсоний туйғулар, адолатпарварлик, инсонпарварлик туйғуларини мадҳ этгандир.

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.

Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортиқ. Шулардан 119 таси ғазал, 231 таси рубоий. З.М.Бобур туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда ҳам асарлар яратган.

Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,

Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.

Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,

Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.

Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор

Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.

Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,

Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.

Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,

Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.

З.М.Бобур таваллуд куни муносабати билан юртимиз бўйлаб ташкил этиладиган тадбирлар, илмий анжуманлар, адабий кечалар ва мутахассислар томонидан ўтказиладиган давра суҳбатлари орқали унинг буюк мероси чуқур таҳлил қилинади, ўрганилади ва ёдга олинади қолаверса – буюк аждодларимиздан илҳом олиш, уларнинг маданий ва маънавий меросини улуғлаш ва ёш авлодга етказиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади!