158

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтади.

Форумни ўтказиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида минтақа мамлакатларидаги етакчи аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат, жамият бошқаруви ва иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш мақсадида илгари сурилган эди.

“БМТ -Аёллар” тузилмаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган форумда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Форумнинг 10 та параллель сессиялари доирасида иштирокчи-мамлакатлар парламентларининг аёл аъзолари, ҳукумат аъзолари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, жамоат арбоблари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари муҳим мавзулар юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.

Хусусан, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни тадбиркорлик ва инновацияларга кенг жалб этиш, замонавий глобал иқтисодиётда уларнинг етакчилигини таъминлаш орқали хотин-қизларнинг илмий ва инновацион фаолиятда, таълим соҳасида, шунингдек, рақамли технологиялардан фойдаланишда, камбағалликни қисқартиришдаги иштироки масалалари муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи ҳам кўриб чиқилади. Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг бизнес ва жамиятдаги иштирокини рағбатлантиришда парламентларнинг роли, гендер йўналтирилган бюджетлаштириш, молиявий имкониятлардан фойдаланишда гендер номутаносиблигини бартараф этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, “яшил” иқтисодиётни тарғиб қилиш, иқлим ўзгаришининг минтақадаги гендер муаммоларига таъсири, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибалари ва инновацион ёндашувлари ҳам кўриб чиқилади.

Форум якунлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш назарда тутилмоқда.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарадорлиги тўғрисида фуқароларнинг фикрини аниқлаш, мамлакат минтақаларида аёллар ва ёш қизларнинг таълими ва тарбияси учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги, уларнинг замонавий жамиятдаги ролини белгилаш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётидаги иштироки фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида фуқароларнинг таклифларини ўрганиш билан боғлиқ турли жиҳатларни ўрганиш мақсадида мунтазам равишда сўровлар ўтказиб келмоқда.

Ўтказилган тадқиқот натижалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ва  гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқейини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида уларнинг тўлақонли иштирокини таъминлашга қаратилган сиёсат самарадорлигини тасдиқлайди.

Олинган маълумотларга кўра, 84% ўзбекистонликлар сўнгги йилларда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқейи ошгани, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллиги ўсиб бораётгани ҳақидаги фикрга қўшилишди. Сўров иштирокчилари, ҳам эркаклар, ҳам аёллар мамлакатимизда қизлар ва аёлларнинг ўз салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган, бунинг шарофати ўлароқ Ўзбекистон хотин-қизлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшмоқда, деб ҳисоблайди.

Жамоатчилик фикри сўровлари меҳнат ва бандлик соҳасида гендер тенгликни таъминлаш масалаларини тартибга солувчи ва амалиётга татбиқ этилаётган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ташаббуслар ўз мақсадига эришаётганидан - Янги Ўзбекистон тараққиёти жараёнида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги ошаётганидан далолат бермоқда. 70,3% ўзбекистонликларнинг фикрича, машғулотлар ва фаолият турлари танлови имкониятларининг кенгайиши, таълимнинг аҳамияти ортиб бораётгани, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг трансформацияси муносабати билан хотин-қизларнинг устуворликлари ўзгармоқда, улар иқтисодий фаолиятга тобора фаолроқ жалб этилмоқда, эркаклар билан тенг асосда бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланмоқдалар, меҳнат бозорида талабгор бўлган мутахассисликларни эгалламоқдалар, улар энди ўзларини олдингидек анъанавий оилавий мажбуриятлар доирасида чекламасдан, мартабавий ўсишга эришишга интилишмоқда.

Сўровлар шуни кўрсатдики, аёлларнинг ўз турмуш даражасидан қониқиши бўйича сезиларли кўрсаткичларга эришилди. Олинган натижаларга кўра, 51,8% сўров иштирокчилари ўз ҳаёти даражасидан тўлиқ қониқади, 27% - "кўпроқ даражада қониқади". Тадқиқот жараёнида ўзбекистонлик хотин-қизлар давлатимиз томонидан ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашларни ҳис қилаётганини таъкидлашди, уларнинг фикрича, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қулай шарт-шароитлар яратилган, аҳолининг мавжуд муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга қаратилган самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, оилалар фаровонлиги ўсмоқда, хотин-қизларнинг моддий аҳволи яхшиланмоқда, бу эса ўз навбатида уларнинг аҳволига, руҳий ҳолати ва оилаларидаги ўзаро муносабатларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сўров натижалари аёлларнинг мослашув даражаси нуқтаи назаридан ҳозирги вақтда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни давом эттириш учун қулай шарт-шароитлар мавжудлигидан далолат беради. Мамлакатда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ давлат ва жамият ҳаётининг кўплаб соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар хотин-қизларнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ўстириш, жамиятдаги мавқейини юксалтиришга ёрдам бермоқда ва келажакка ишонч уйғотмоқда ҳамда айни пайтда хотин-қизларнинг ўз интилишлари ҳамда ҳаётий режаларини амалга оширишларида кучли рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.