13

Маҳалла — давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим мулоқот майдони

2026 йил 23 январь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида «Президент мурожаатномаси доирасида маҳалланинг ўрни: жамоатчилик фикри ва жойлардаги амалиёт» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинари доирасида ташкил этилди.

Давра суҳбати маҳалла институтининг бугунги ислоҳотлар жараёнидаги ўрни, давлат ва жамият ўртасидаги ишончли мулоқотни таъминлашдаги имкониятлари ҳамда аҳоли кайфияти ва ижтимоий кутилмаларни ўрганишдаги ролига бағишланди. Муҳокамалар марказида маҳалланинг фақат маъмурий тузилма эмас, балки жамиятдаги ижтимоий барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминловчи асосий институт экани масаласи турди.

Президент мурожаатномасида белгиланган очиқлик, ижтимоий адолат, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар маҳалла тизими фаолияти орқали амалда намоён бўлаётгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, тадбир давомида маҳалла орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий муаммоларни эрта аниқлаш ва манзилли ечимлар ишлаб чиқиш механизмлари илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилинди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги тегишли қўмита, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, ННТ миллий ассоциацияси, олий таълим муассасалари вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда «Ижтимоий фикр» Маркази мутахассислари иштирок этди. Бу эса муҳокамаларни кўп томонлама ва амалий руҳда ўтказиш имконини берди.

Давра суҳбати Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Аллаев Долле Хакимович ҳамда «Ижтимоий фикр» Маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевнанинг кириш сўзлари билан очилди. Улар маҳалла институтининг замонавий жамиятдаги аҳамияти, маҳалла институтида олиб борилаётган ислоҳотлар, жамоатчилик фикрига таянган бошқарув қарорларини қабул қилиш зарурати ва социологик тадқиқотларнинг амалий қийматига алоҳида эътибор қаратдилар.

Асосий қисмда «Ижтимоий фикр» Маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Сеитов Мансур Шерикбаевич Президент мурожаатномаси доирасида ўтказилган социологик тадқиқот натижаларини тақдим этди. Маърузада аҳолининг маҳалла фаолиятига муносабати, маҳалладан кутилмалар, жойлардаги муаммоларнинг қай даражада ҳал этилаётгани аниқ рақамлар ва таҳлилий хулосалар орқали ёритилди.

Шунингдек, Марказ илмий-таҳлилий бўлими мудири Таджибаев Азизбек Баходир ўғли фуқароларнинг маҳалла фаолияти ҳақидаги фикрлари бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларини тақдим этди. Унда маҳалла хизматларидан фойдаланиш амалиёти, мурожаатлар билан ишлаш сифати, очиқлик ва фуқароларнинг қарор қабул қилишдаги иштирокига доир муҳим хулосалар билдирилди.

Тадбирга амалий мазмун берган чиқишлардан бири Марказ интервюери Куанишова Дилмира Туйчиевнанинг маърузаси бўлди. У жойларда ўтказилган юзма-юз интервьюлар асосида аҳоли кайфияти, маҳалла билан мулоқотдаги муаммоли нуқталар ва ишонч омиллари ҳақида аниқ кузатувларга таянган ҳолда фикр билдирди.

Муҳокамалар якунида иштирокчилар маҳалла фаолиятини баҳолашда аҳоли қониқиши, ишонч даражаси ва мурожаатларни кўриб чиқиш сифати каби социологик индикаторларни кенг қўллаш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, маҳалла ходимлари учун коммуникация маданияти ва ижтимоий психология бўйича ўқув дастурларини жорий этиш, маҳалла ва ОАВ ҳамкорлигини кучайтириш таклифлари илгари сурилди.

Давра суҳбати маҳалла институтининг имкониятларини янада кенгайтириш, жамоатчилик фикрини илмий асосда ўрганиш ва уни давлат сиёсатида самарали қўллашга қаратилган муҳим илмий-амалий мулоқот майдони сифатида баҳоланди.