30.04.2026
9
Жорий йилнинг 30-апрел куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган олий таълим битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда меҳнат бозорига муваффақиятли интеграциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Карера куни” ҳамда “Workshop” меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари фаол иштирок этиб, ёш мутахассислар билан самарали мулоқот олиб бордилар.
Тадбирнинг асосий мақсади талаба ва битирувчиларнинг назарий билимларини амалий фаолият билан мустаҳкамлаш, уларни мавжуд бўш иш ўринлари, замонавий касбий йўналишлар ҳамда профессионал ривожланиш истиқболлари билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари томонидан иштирокчиларга социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий таҳлил, медиа тадқиқотлар ва замонавий аналитик фаолият йўналишлари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Марказ ходимлари бўлажак журналистлар, социологлар, психологлар ҳамда коммуникация соҳаси битирувчилари учун касбий фаолиятни самарали бошлаш, илмий-амалий изланишларни ривожлантириш, соҳавий компетенцияларни ошириш ҳамда давлат ва жамият тараққиётида фаол иштирок этиш юзасидан муҳим тавсиялар берилди. Учрашув давомида талабалар “Ижтимоий фикр” маркази фаолияти, амалга оширилаётган республика миқёсидаги социологик тадқиқотлар, жамоатчилик мониторинги ҳамда таҳлилий лойиҳалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Мазкур “Карера куни” доирасидаги иштирок “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал тайёргарлигини кучайтириш, илмий-амалий тажрибасини бойитиш ҳамда мамлакатда рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган изчил фаолиятининг амалий ифодаси бўлди.
Бундай ташаббуслар олий таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий, ташаббускор ва малакали мутахассислар сафини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг мазкур тадбирдаги иштироки эса мамлакатда жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий таҳлил ва профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилади.






