18.12.2024
28
Жорий йилнинг 14 декабр куни Ижтимоий фикр республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директорининг 1-ўринбосари Ходжимухамедов Марат Каримович Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “Конституция куни” муносабати билан ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этди.
Мазкур давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Татар Маданий Маърифат Маркази профессор олимлари ўз маърузалари билан ўртоқлашишди. Шунингдек, Ижтимоий фикр республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директорининг 1-ўринбосари Ходжимухамедов Марат Каримович “Замонавий Ўзбекистон аҳолисининг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти нуқтаи назаридан ижтимоий тузилма ва табақаланиш” номли маърузаси билан иштирок этди.
Тадбирда ёшлар ўртасида ҳуқуқий ва сиёсий саводхонликни оширишга қаратилган дастурларни жадаллаштириш, уларнинг давлат қурилишидаги фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалий чоралар муҳокама қилинди. Давлатнинг асосий қонунига содиқ қолган ҳолда, ижтимоий табақаланишни камайтириш ва турли миллат ҳамда ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини уйғунлаштириш бўйича таклифлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамияти ва унинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрнини яна бир бор эътироф этдилар. Маърузалар давомида жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонунчиликка бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Давра суҳбатидаги фикр-мулоҳазалар алоҳида ишонч билан тақдим этилди. "Ижтимоий фикр" марказининг илмий тадқиқотлари, хусусан, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти билан боғлиқ таҳлиллари мазкур мавзудаги муҳокамаларнинг асосий манбаси бўлиб хизмат қилди.
Тадбир ниҳоясида иштирокчилар томонидан келгуси фаолиятга қаратилган аниқ тавсиялар илгари сурилди. Давра суҳбати куннинг энг қизғин дақиқаси сифатида қатнашчилар ўртасида мулоқот ва ўзаро фикр алмашинувлари билан якунланди. Барча қатнашчилар бундай учрашувлар жамият тараққиёти учун аҳамиятли эканини таъкидлаб, келгуси ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олдилар.