30.07.2026
18
30 ИЮЛ - ХАЛҚАРО ДЎСТЛИК КУНИ!
Ҳар йили 30 июл санаси халқаро миқёсда Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 27 апрелда қабул қилинган резолюциясига мувофиқ таъсис этилган бўлиб, халқлар, миллатлар ва маданиятлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тинчлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини кенг тарғиб этишга қаратилган.
Бугунги глобаллашув шароитида миллатлараро ҳамжиҳатлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Турли миллат, элат ва диний эътиқод вакилларининг ўзаро ҳурмат, тенглик ва ҳамкорлик асосида яшаши жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, фуқаролик бирдамлигини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг муҳим шартидир.
БМТ томонидан таъсис этилган ушбу халқаро сана дўстлик тушунчасини нафақат инсонлар ўртасидаги муносабатлар, балки давлатлар, халқлар ва маданиятлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамловчи умуминсоний қадрият сифатида эътироф этади. Шу маънода, ўзаро ишонч, бағрикенглик, мулоқот маданияти ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш орқали низоларнинг олдини олиш, ижтимоий келишувни таъминлаш ҳамда тинчлик маданиятини қарор топтириш ушбу куннинг асосий мақсадларини ташкил этади.
Ўзбекистон азалдан турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қарор топган мамлакатдир. Бугунги кунда мамлакатимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда турли диний конфессиялар вакиллари ягона Ватан равнақи йўлида ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида ҳаёт кечирмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ижтимоий таянчларидан бири ҳисобланади.
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар, ижтимоий ҳамжиҳатлик, фуқаролик бирдамлиги, бағрикенглик, миллий қадриятлар, жамоатчилик ишончи ва ижтимоий барқарорлик масалаларини мунтазам социологик тадқиқ этиб келмоқда. Марказ томонидан амалга оширилаётган республика миқёсидаги ижтимоий сўровлар орқали аҳолининг миллатлараро муносабатларга берган баҳоси, турли ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги ўзаро ишонч даражаси, бағрикенглик муҳити, жамиятдаги ижтимоий бирдамлик ҳамда фуқаролик ҳамжиҳатлигини мустаҳкамловчи омиллар чуқур таҳлил қилинмоқда.
Ўтказилаётган тадқиқотлар натижалари мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий кайфиятини баҳолаш, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни кучайтириш ҳамда инсонпарварлик тамойилларига асосланган ижтимоий сиёсатни такомиллаштиришда муҳим илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.
Халқаро дўстлик куни инсонларни бирлаштирадиган эзгу қадриятлар — ўзаро ҳурмат, ишонч, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Миллатлараро тотувлик ва ижтимоий бирдамликни асраш, фуқаролик жамияти институтлари, давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш орқали жамиятда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.



